Жорий йилда Қозоғистон ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонасида жамоат арбоблари ва сиёсатчилар иштирокида шу санага бағишланган матбуот-конференцияси ўтказилди. Йиғилганлар умумий тарих ва маданий-маънавий алоқаларга асосланган ҳамкорликни батафсил муҳокама қилди. Ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланаётгани тилга олинди.
Хулуси Қилич, сиёсатчи, Туркиянинг Озарбайжон ва Монголиядаги собиқ элчиси:
- Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги дипломатик алоқалар бошқа давлатлар учун намуна бўла олади. Туркия Қозоғистонни қўллаб-қувватлайди. 30 йил ичида Қозоғистон минтақанинг энг ривожланган давлатига айланди. Бу сана мамлакатлар учун муҳим.
Бундан ташқари, тўпланганларга «Икки халқ, ягона юрак» китоби тақдим этилди. Тўпламда қозоғистонлик ва туркиялик ўқувчилар асарлари жамланган.
Аладдин Курт, «Денге» мактаби директори:
- Бу китобда мактабимизнинг 11 ўқувчиси шеърлари, эртаклари, эсселари бор. 40 дан зиёд қозоғистонлик ўқувчининг ижод намунаси қўйилди. Туркча асарларни қозоқчага, қозоқча асарлар туркчага таржима қилинди. Икки давлат болалари дўстлик, бахт, мустақиллик ҳақида фикрларини баҳам кўрди.
Абдумалик Сарманов таржимаси