Қозоғистон ва Словакия ўртасида ҳамкорлик кенгаяди

Қозоғистон ва Словакия ўртасида ҳамкорлик кенгаяди

Ўтган йили Қозоғистон ва Словакия ўртасида товар айланмаси 140 миллион долларни ташкил қилди. Бугун Ақўрдада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Астанага Словакия Бош вазири Роберт Фицо расмий ташриф билан келди. Тор форматдаги музокараларда  Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ушбу ташриф алоқалар учун янги истиқболлар очади. Сўнгра Давлат раҳбари ва Бош вазир Роберт Фицо икки давлат делегацияси аъзолари  иштирокида музокараларни давом эттиришди. Қозоғистон Президенти Словакияни Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий ҳамкорларидан бири, деб атади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Астана ва Братислава ўртасида мазмунли сиёсий мулоқот ўрнатилган. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда алоқалар фаол ривожланяпти. Тегишли меъёрий-шартнома асослари шаклланган. Ўзаро савдо тобора кенгайиб боряпти. Қозоғистонда 30 тадан зиёд словак компанияси иш юритяпти.

Қозоғистон Президенти ҳамкорлик тузилмаларини диверсификациялашни таклиф қилди. Энергетика, саноат, агросаноат, логистика, рақамлаштириш, ўта муҳим хомашё материалларида янги имкониятлар очиляпти. Қозоғистон Словакияга нефть, газ, уран, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилишга тайёр. Савдо ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш учун эса Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматларо комиссия ваколатини кенгайтириш, унинг ҳамраисларини вазирлар даражасига кўтаришни таклиф қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ҳарбий-техник соҳада ҳам анча катта салоҳият мавжуд. Бундан ташқари, музокаралар давомида биз энг муҳим стратегик савдо йўналишларидан бири Транскаспий Халқаро транспорт йўналишидан биргаликда фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқдик. Мен словакиялик ҳамкорларни мазкур лойиҳада тўлақонли қатнашишга чақирдим. У икки томонлама савдо учун янги уфқлар оча олиши шубҳасиз.

Давлатлар маданий-гуманитар алоқаларни ҳам кенгайтиради. Бунда Қозоғистон ва Словакия университетларида таълим олаётган ҳар икки давлат ёшларига катта ўрин ажратилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Роберт Фицо муносабатларнинг тарихий илдизларига ҳам эътибор қаратишди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Словакияни озод қилишда қозоғистонликлар ҳам қатнашган. Қозоғистон Президенти ва Бош вазир Роберт Фицо давлатлар глобал тенденциялар ва чорловларга муносабатида ҳам ўзаро яқин мавқеда эканлигини таъкидлашди. Улар кўп томонлама дипломатияга катта эътибор беряпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси