Чегараолди ҳамкорлик кенгайтирилади

Чегараолди ҳамкорлик кенгайтирилади

Ўзаро савдо кенгайиб, қўшма лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Сўнгги даврда умумий қиймати салкам 1 миллиард доллар бўлган 26 та лойиҳа ишга туширилди. Яна деярли 23 миллиард долларга тенг 84 та лойиҳа устида иш давом этмоқда. Волгоградда икки давлат чегарасидаги минтақалар раҳбарлари янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди. Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда Россиянинг ушбу вилояти ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 70 фоизга ортган. 2022 йилда мамлакатимиз минтақанинг хориждаги 114 та ҳамкор давлати рейтингида 4-ўринга чиқди. Ташқи савдо айланмаси 222 миллион долларга етди. Қозоғистондан асосан машинасозлик ва кимё маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Волгоград вилояти эса республикага нефть маҳсулотлари ва қора металлургия товарлари етказиб беради. Томонлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор.

Анна Писемская, Волгоград вилоят губернатори ўринбосари:

- Минтақа корхоналари Қозоғистон билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга интиляпти. Бугунги кунда ҳам бирга ишлаймиз, олдимизда амбицияли мақсадлар бор, биз корхоналар қаршисига икки давлат ўртасидаги кооперацияни кучайтириш вазифасини қўйганмиз.

Қозоғистон ва Атирау вилояти билан чегарадош бўлган Волгоград вилояти қишлоқ хўжалиги ерларини биргаликда суғориш имкониятини кўриб чиқяпти.

Ермек Кўшербаев, Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси:

- Ҳамкорлик металлургия, нефть-газ, кимё, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида яққол кўринади. Волгоград вилояти асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Йилига етти миллион тона дон етиштиради. Чорвачилик ривожланган. Бу вилоятда Едилбаев зотли қўйлар наслчилик марказлари мавжуд. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик учун имконият етарли, деб умид қиламан.

Волгограддаги 200 дан зиёд корхона Қозоғистон компаниялари билан бирга ишлайди. Яқин келажакда қозоғистонлик ва россиялик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида учрашувлар уюштириш режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси