Икки давлат тадбиркорлари савдо, инвестиция, логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Келажакда Алмати вилояти ҳокимлиги ва Сингапур компанияси ҳамкорликда G4 City махсус иқтисодий зонасини барпо этади.
Рустам Исатаев, Алмати вилояти ҳокими ўринбосари:
- Ҳамкоримиз давлат компанияси, махсус иқтисодий зоналар яратиш тажрибасига эга. 2019 йилдан буён батафсил мастер-режа тайёрлашга ёрдам берган. Ўзингизга маълум, режа ўтган йил охирида Президент томонидан тасдиқланган. Биз янада аниқ режалаштириш босқичига ўтдик. 30 минг гектар ер ажратганмиз, у компания Хитойда бунёд этилган зонадан ҳам катта.
Бизнес-форум иштирокчилари таъкидлашича, Қозоғистон ва Сингапур ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча имкониятлар бор. Ёрқин инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Таъкидлаш лозимки, Сингапур ASEAN минтақасидаги Қозоғистоннинг энг йирик савдо ва инвестициявий ҳамкори. Икки томонлама товар айланмаси ўтган йили 65 фоизга ортди ва икки миллиард долларга етди. Қозоғистон экспорти 70 фоизга ошди.
Султан Маренов, Қозоғистон – Сингапур тадбиркорлик маркази асосчиси:
- Бизнинг яхши имкониятларимиз бор, Қозоғистон компаниялари бой тажрибага, ажойиб намуналарга эга. Мен Сингапурда ташкил қилинган ва Жанубий-Шарқий Осиёда ривожланаётган 20 тача компанияни шахсан биламан. Биз Сингапур компанияларини Қозоғистонга ишлаш учун олиб келиш ниятидамиз. Йил бошидан буён 30 тача компания ташкилотимизшга аъзо бўлди.
Шахзад Насим, компания ижрочи директори, Сингапур:
- Мамлакат муваффақиятларга эришиши учун инфратузилмалар ривожланиши керак. Компания айнан шу йўналишда ишлайди. Сизда ҳали охирига етказилмаган ЛРТ лойиҳаси бор, биз уни битириб беришга таййёрмиз. Умуман олганда, Қозоғистон ўзининг жойлашган ўрни билан биз учун қизиқарли, у Европа ва Осиё чорраҳасида турибди. Бундан ташқари, сизда минерал захиралар кўп, уларни қайта ишлаш зарур, турли товарлар чиқариш, рақамлаштиришни ривожлантириш имконияти мавжуд. Бу борада ҳам Сингапурнинг бой тажрибаси бор.
Таъкидлаш зарурки, Қозоғистон Марказий Осиёда инвестициялар жалб этиш бўйича пешқадам. Мустақиллик йилларида мамлакатга 420 миллиард доллар сармоя келган. Ўтган йилнинг ўзида 28 миллиард доллар киритилди. Бу эса сўнгги 10 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. ¤ Бизнес-форум натижаларига кўра, томонлар турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида 12 ҳужжатни имзолади.
Абдумалик Сарманов