Қозоғистон Президенти давлат раҳбарлари билан учрашди

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари очилиш маросимида қатнашиш учун Астана шаҳрига келган Саха Республикаси етакчиси Айсен Николаевни қабул қилди. Томонлар минтақалараро ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Давлат раҳбари турли соҳаларда, хусусан, саноат, савдо, IT-сектори, қишлоқ хўжалиги ва қазилма бойликлар соҳаларида икки томонлама алоқаларни кенгайтириш учун салоҳият мавжудлигига эътибор қаратди. Айсен Николаев, ўз навбатида, илиқ кутиб олингани учун миннатдорчилик билдирди ва устувор секторларда ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Татаристон Раиси Рустам Миннихановни ҳам қабул қилди. Президент машинасозлик ва нефть-газ кимёси соҳаларида қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш муҳимлигига урғу берди. Рустам Минниханов умумий тарих, туркий халқлар ва номадлар тамаддуни тимсоли бўлган Кўчманчилар ўйинлари очилишида иштирок этиш имконияти ва илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди. Қозоғистон Президенти Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Қурбангули Бердимухамедовни ҳам қабул қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, бугунги кунда қозоқ-туркман муносабатлари муваффақиятли ривожланмоқда ва стратегик ҳамкорлик даражасига тўғри келади. Қурбангули Бердимухамедов Астананинг жаҳон саҳнасида мамлакат обрў-эътиборини оширувчи йирик халқаро тадбирлар ташкил қилишдаги хизматларини тилга олди ва Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.