Қозоғистон ва Россия Президентлари тор таркибда музокара юритди

Қозоғистон ва Россия Президентлари тор таркибда музокара юритди

Астана шаҳрида Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Россия Президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олинди. Мустақиллик саройида шахсан Қосим-Жўмарт Тўқаев уни кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг қирувчи самолётлари парвоз қилди ва осмонни Россия байроғи рангларига бўяди. Давлат мадҳиялари янграгач, давлат раҳбарлари расмий делегациялар таркибини бир-бирига таништирди.


Шундан сўнг президентлар тор таркибда учрашув ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Владимир Путинни самимий қутлади ва Россия Президентининг давлат ташрифини Қозоғистон ва Россия стратегик шериклиги ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришда муҳим воқеа, сифатида кўришини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Бу воқеа мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Ўйлайманки, айни вақтда бу Евроосиё қитъасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим, чунки мамлакатларимиз аслида ушбу улкан Евроосиёнинг негизи ҳисобланади.


Ўз навбатида Россия Президенти Давлат раҳбарига илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди.


Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:

- Ўтган йили Сизни давлат ташрифи билан қабул қилиш шарафига муяссар бўлган эдик. Ўшанда халқларимизнинг кўп асрлик, шу жумладан, ягона давлат доирасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарига асосланган стратегик шериклигимизни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича қўшимча қадамлар қўйилди. Ишончим комилки, шу кунларда – бугун ва эртага амалга ошириладиган салмоқли ишларимиз ҳам шу каби самарали бўлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путиннинг музокаралари кенгайтирилган таркибда, расмий делегация аъзолари иштирокида давом этди. Ҳамкорлик иқтисодий соҳада фаол ва муваффақиятли ривожланмоқда, деди Давлат раҳбари. Товар айирбошлаш ҳажми 30 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Россия Қозоғистон иқтисодиётининг энг йирик инвесторларидан бири, жами 29 миллиард доллардан зиёд маблағ киритди. Мамлакатимиз эса қўшни давлатга 9 миллиард доллар ортиқ сармоя йўналтирди. Умумий қиймати 53 миллиард доллардан ортиқ бўлган 177 та қўшма лойиҳанинг катта қисми ишга тушди. Мунтазам минтақалараро ҳамкорлик форуми ўтказилади. Бу йилги анжуман август ойида Россиянинг Омск шаҳрида ташкил қилинади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мамлакатларимиз ўртасида ҳеч бир баҳсли масала йўқ. Фақат ижобий динамика мавжуд, ҳамкорликни тинимсиз ривожлантирмоқдамиз, янги ғоя ва лойиҳалар билан бойитаяпмиз. Бугун қабул қилинаётган «Қозоғистон ва Россия халқлари дўстлиги ва яхши қўшничилигининг етти асоси тўғрисида»ги Қўшма баёнотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу ҳужжат ўзаро муносабатларимиз руҳини акс эттиради, уларни мустаҳкам, энг муҳими, узоқ муддатли асосда чуқурлаштиришга бўлган интилишни мустаҳкамлайди.


Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:

- 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсди. Биз тор таркибда бу ҳақда эслаб ўтдик. 70 та қўшма инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Ва бу ҳали бошланиши. Буни муҳокама қилганмиз. Жамоаларимиз бугунги учрашувга тайёргарлик жараёнида яхши иш юритди. Ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналишлари белгиланяпти, албатта, жуда яхши натижаларга эришилади.


Қозоғистон ва Россиянинг турли кўп томонлама майдончалар доирасидаги ҳамкорлиги алоҳида қад этилди. Хусусан, «Марказий Осиё – Россия» формати ҳам. Қосим-Жўмарт Тўқаев маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоҳида эътиборга лойиқлигини тилга олди. Қозоғистон Президенти жорий йил ёзида Астанада учинчи «Келажак ўйинлари» ўтказилиши ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Малакали кадрлар тайёрлашда «Сириус» лойиҳаси ёрдам беради, натижада Алмати ва Астанада янги мактаблар очилади. Музокаралар якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Қозоғистон ҳамда Россия халқлари дўстлиги, яхши қўшничилигининг етти асоси тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Шунингдек, 12 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар алмашилди. Ташриф доирасида 2 та меморандум ҳам имзоланди.


Абдумалик Сарманов таржимаси