Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон минтақалари бўйлаб сафари давом этмоқда. Бу сафар президент Алмати вилоятида бўлди. Минтақа жамоатчилиги билан учрашувда Давлат раҳбари Қўнаев шаҳри илмий-таълимий марказга айланиши зарурлигини таъкидлади. Академик шаҳарча тузиш зарур. Вилоят маркази экологик тоза, «ақлли шаҳар», яшаш учун шинам манзилгоҳ сифатида ривожланиши лозимлигига урғу берилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қўнаев шаҳри илмий-таълимий марказга, талабалар ва ёшларни ўзига жалб этадиган манзилгоҳга айланиши керак. Шу кунларда олий таълим даргоҳларининг кўп қисми Алматида жамланган. Бу эса аҳоли зич яшовчи мегаполисда муаммоларни юзага келтиради: кўчаларда тиқин юзага келади, ётоқхоналар, ҳамёнбоп уй-жой етишмайди. Шаҳар ҳавоси сифати пасайган. Мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда Қўнаевда Академик шаҳарча қуриш зарур, деб ҳисоблайман. Кўплаб давлатларда катта шаҳарлар яқинида инновациявий марказлар шаклланган. Ҳукумат жорий йил охиригача бу борада аниқ таклифлар киритиши лозим.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Алмати вилоятида энергетика соҳасини ривожлантириш учун улкан салоҳият бор. Минтақада бу соҳада қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Жумладан, кичик ГЭСлар, шамол электростанциялари, Бартўғай ГЭСи ва бошқалар юзасидан иш бошланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси