Қозоғистон ва Россия президентлари қўшма баёнот беришди

Қозоғистон ва Россия президентлари қўшма баёнот беришди

Стратегик ҳамкор ва иттифоқчи. Қозоғистон ва Россия раҳбарплари тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Икки давлат барча йўналишларда ўзаро фойдали ҳамкорликни фаол ривожлантиряпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу кўрсаткич мунтазам ўсаяпти ва ўтган йили 27 миллиард долларни ташкил қилди. Яқин келажакда эса 30 миллиард долларга етиши кутиляпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ташрифингиз кун тартиби етарлича кенг. Ташриф арафасида ҳукуматлар ўзаро мулоқотда бўлди, ундаги барча масалалар юзасидан фикр алмашишди. Биз бугун 20 тадан зиёд жуда муҳим ҳужжатларни имзолаймиз, улар яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларига янги туртки беришига заррача шубҳа йўқ.

Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:

-  Қозоғистон – бизнинг стратегик ҳамкоримиз ва ишончли иттифоқчимиз. Тор доирада ўзаро алоқаларни муҳокама қиларканмиз, икки томонлама жараёнда юзага келаётган муаммоларга эътибор қаратдик. Энг муҳими, барча саволларга жавоб ахтариш ва топиш истаги мавжуд. Биз биргаликда ҳал қила олмайдиган бирорта муаммо мавжуд, деб ўйламайман. Шундай кайфиятда иш тутсак, катта муваффақиятлар қозонамиз.

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин видеоконференцалоқа форматида ХХ Қозоғистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлик форумида қатнашишди. 20 йиллик фаолияти давомида бу майдонча самарадорлигини кўрсатди. Бизнес кўпсонли  янги контрактлар тузяпти ва ҳамкорлик шаклларини белгилаб оляпти. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Қозоғистон ташқи савдосининг  салкам 20 фоизи Россияга тўғри келади. Республикада 23 мингтадан зиёд Россияга тегишли ва қўшма компания ишлаб турибди. Давлат раҳбари соҳалар ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. У Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ёнилғи-энергетика алоқалари янги сифат даражасига чиққанини билдирди. Томонлар бирга «Қаламқас-денгиз– Хазар» конини ишга тушираяпти. Бундан ташқари, маҳсулот бера бошлаган нефть-газ химияси, машинасозлик соҳаларидаги заводлар томонларнинг самарали ҳамкорлигидан дарак беради.

Форумдан сўнг давлат раҳбарлари видеоконференцалоқа форматида Омск шаҳрида Қозоғистон Миллий университети филиалини очишди. Қозоғистоннинг Россиядаги биринчи олий ўқув юрти сентябрь ойидан абитуриентларни қабул қилади.

Сўнгра Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот берди. Қозоғистон Президенти Владимир Путиннинг ташрифи Қозоғистон – Россия алоқаларидаги янги даврни очиб беришини айтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Музокаралар давомида иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор берилди. Асосий вазифалар қаторида стратегик соҳаларда ҳамкорлик ва товар айланмасини кенгайтириш тилга олинди. ХХ Қозоғистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида икки давлатнинг янгиланган Минтақалараро ва чегараолди ҳамкорлиги ҳукуматлараро дастури имзоланди.

Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:

- Ҳозиргина имзоланган қўшма баёнотда давлатларимиз ўртасида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича катта вазифалар қўйилди. Имзоланган кўплаб ҳукуматлар ва вазирликлар ўртасидаги ҳужжатлар ҳам мана шу баёнотдаги мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.

Музокаралар якунига кўра давлат раҳбарлари янги глобал тартиб шароитида стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот беришди. Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида жами 19 та шартнома ва меморандум имзоланди. Улар Астана ва Москванинг ўзаро фойдали ҳамкорликни давом эттиришини кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.