Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик кенгаяди

Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлик кенгаяди

Алмати шаҳрида тўпланган анжуман иштирокчилари минтақалараро ҳамкорлик, минтақа давлатларининг ўзаро ва Европа билан муносабатларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади. Жумладан, «яшил» иқтисодиётга ўтиш, рақамли трансформация, Марказий Осиёда бизнес муҳитини яхшилаш, савдо ва транспортдаги ўзаро боғлиқликни кенгайтириш каби йўналишларга алоҳида эътибор берилади.

Ержан Абиш, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазирлиги халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори:

- 18 май куни ушбу форум бизнес форматида, В2В форматида бўлиб ўтади, унда Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари компаниялари давлатлар, компаниялар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масаласини муҳокама қилади. Умуман олганда, бизнес иқлимини ривожлантириш, иқтисодий мулоқотни йўлга қўйиш масаласи кўрилади. Қозоғистон учун иқтисодий форум мультипликатив самара беради. Европа Иттифоқи ҳозир иқтисодиётини диверсификациялаш, инвестициявий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун Марказий Осиё давлатлари билан алоқасини чуқурлаштиришга интиляпти. Бу йўналишда Қозоғистон транспорт салоҳиятини тақдим этиш орқали давлатлар орасида товар айланмасини кенгайтиришда асосий ўрин тутиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий савдо- инвестициявий ҳамкори. 2022 йилда томонлар ўртасида товар айланмаси 40 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса ўтган йилдагидан 38 фоизга кўп. 2022 йилда Европа компаниялари мамлакатга киритган инвестиция ҳажми 12,5 миллиард долларни ташкил қилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси