Рули ўнг томонда бўлган авто қонунийлаштирилиши мумкин

Рули ўнг томонда бўлган авто қонунийлаштирилиши мумкин

Қозоғистонликлар учун бир марта рули ўнг томонда бўлган хорижий автони қонуний қилиш имкони берилади. Маъмурий полиция раҳбарияти маълум қилишича, Сенатда кўриб чиқилган Давлат раҳбарининг топшириқларини рўёбга чиқариш бўйича  қонун лойиҳасида шу нарса кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат мавжуд кўплаб муаммоларни бартараф қилишга қаратилган. Минтақаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш мақсадида тушган солиқларни ўтказиб бериш, рақобат майдонини кенгайтириш, давлат харидлари соҳасида коррупция эҳтимолини камайтириш, давлат-хусусий бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариш тартибида ўзгаришлар бор. Сенаторлар қатор таклифларини илова қилган ҳолда, қонун лойиҳасини Парламент қуйи палатасига қайтарди.

Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси:

- Давлат раҳбари топшириғига кўра, 2022 йил 1 сентябргача олиб келинган рули ўнг томондаги автомобилларни дастлабки рўйхатга олиш масаласи кўрилди. Натижада, 20 минг нафардан зиёд фуқаро транспорт воситаларини қонунийлаштиради. Сенаторлар банк ва солиқ бўйича фуқароларга тегишли маълумотлар махфийлигини сақлашга доир тегишли органларга ҳаддан зиёд кенг ваколат берувчи қатор бандларни олиб ташлади. Умуман олганда, мазкур қонун қабул қилиниши фуқаролар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси