Қозоғистонда инфляция 7 фоизгача пасайди

Қозоғистонда инфляция 7 фоизгача пасайди

Жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистонда инфляция 7 фоизгача камайди. Бугун сўнгги 3 ой давомида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муҳокама этилган ҳукумат йиғилишида шундай баёнот берилди. Тегишли вазирлик берган маълумотга кўра, республикада тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланяпти, товар ишлаб чиқариш салкам 2 фоизга ўсди. Минтақаларда инвестициявий фаоллик сезилмоқда. Тоғ-кон саноатини ҳисобга олмаганда, инвестиция миқдори ўртача 34 фоизга ортди. Қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, ахборот ва алоқа, транспорт, қурилиш, савдо ва кўчмас мулк соҳаларида анча катта ривожланиш кузатиляпти. Ялпи ички маҳсулот ортгани кузатилди. Йил бошида мазкур кўрсаткич минус 2,9 фоиз даражасига тушиб қолган эди, ҳозир эса минус 1,6 даражасида.

Асқар Мамин, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:

- Умуман олганда, биз иқтисодиётнинг асосий соҳаларида кўрсаткичлар яхшилана бошланганини кузатаяпмиз. Тадбиркорлар фаоллигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш учун мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Барча минтақалар Давлат раҳбари кўрсатмасига биноан режалаштирилган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларига эришишни таъминлаши зарур. Кузатиб турганимиз каби, глобал иқтисодий бўҳрон асоратлари таъсир этаётганига қарамай, Қозоғистон иқтисодиёти аста-секин соғломлашиб бораётгани кузатиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси