Қосим-Жўмарт Тўқаев Ғарбий Қозоғистон вилоятида бўлди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Ғарбий Қозоғистон вилоятида бўлди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Теректи, Сирим ва Қаратўбе туманларидаги вазият билан танишди. Давлат раҳбарининг амалий сафари сув босган ҳудудларни айланишдан бошланди. Минтақа ҳокими Нариман Туреғалиев маълум қилганидек, бугун 6 та туман ва Уральскда сув тошқини юз берган. 500 дан зиёд уй-жой, 400 дан ортиқ дала ҳовли жабр кўрган. 7 мингга яқин одам эвакуация қилинган, улар учун махсус пунктлар ташкил этилган. Моддий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий бюджетдан 63 миллион тенге ажратилган. Ҳозирда сувни тортиш, объектларни ўраб олиш ва сув ўтказиш қувурларини кенгайтириш ишлари боряпти. Жами бўлиб, тошқинга қарши тадбирларга тахминан 2 минг киши жалб қилинган, Алмати ва Манғистау вилоятларидан қутқарувчилар чақирилган, 332 та техника бирлиги ва вертолёт ишлаб турибди.

Танишувдан сўнг Қозоғистон Президенти Қаратўбе тумани марказидаги эвакуация пунктида бўлди. Пункт мактаб-гимназияда ташкил этилган. Бу ерда Давлат раҳбари яқин-атрофдан кўчириб келинган аҳоли билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, ушбу сув тошқинлари энг катта кўламли бўлди, у давлат йўқотишларни қоплаш учун барча зарур чораларни кўришини билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Президенти:

- Мен вазиятни жойида ўрганиш учун атайлаб келдим. Бу мисли кўрилмаган табиий офат,  шунинг учун биз бирлашишимиз ва унга қарши курашишимиз керак. Давлат, Ҳукумат ёрдам қўлини чўзади, моддий-молиявий кўмак кўрсатилади. Бундан ташвиш тортманглар, ҳаммаси яхши бўлади.

Аҳоли Президентдан Жақсибай ва Қалдиғайти дарёлари устида кўприк қуриб беришни, шунингдек, аҳоли пунктларидаги дамбаларни таъмирлашни сўради. Давлат раҳбари Ҳукуматги тегишли топшириқ берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.