Италия
Қозоғистоннинг етакчи савдо шериклари учлигига киради
ва йирик инвесторларидан бири. Давлатлар ўртасида ҳамкорлик равнақ топмоқда. Икки мамлакат ўртасида маҳсулот айланмаси чорактага ошиб, ўтган йили 20 миллиард долларга етди. Давлат раҳбари Италия Бош вазири билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида суҳбатлашди. Жоржа Мелони расмий ташриф билан Қозоғистонга келди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз учун Қозоғистонда Сизнинг ташрифингизни қарши олиш катта шараф. Италия
Қозоғистоннинг Европадаги етакчи савдо шерикларидан бири. Кеча ва бугун Астанада
кўпсонли итальян тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Биз Сизнинг
давлатларимиз ўртасидаги амалий муносабатларни ривожлантиришдаги ҳаракатларингизни юксак баҳолаймиз.
Жоржа Мелони, Италия Бош вазири:
– Мамлакатингизда
биринчи марта бўлиб турганимдан мамнунман.
Биз Қозоғистонни Италия ва бутун Европанинг ўта муҳим шериги сифатида
кўрамиз. Бундан ташқари, ҳозирги пайтда Марказий Осиё минтақаси стратегик аҳамият касб
этмоқда. Давлат раҳбарлари
даражасида Биринчи «Италия-Марказий Осиё» саммитини ташкил этганингиз учун Сизга миннатдорлик изҳор этаман.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Жоржа Мелони Астана халқаро
форумининг махсус сессиясида иштирок этди. Ўз маърузасида Италия Бош вазири
Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликнинг аҳамияти ва янги имкониятлари
борасида сўз юритди.
Шундан сўнг Ақўрдада Италия Вазирлар Кенгаши Раисини
кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Жоржа
Мелони бир-бирига расмий делегациялар аъзоларини таништирди. Кейин эса томонлар
яккама-якка музокаралар ўтказди. Жоржа Мелони таъкидлаганидек, ташриф
Қозоғистон-Италия муносабатларини
фаоллаштиришга қаратилган.
Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш,
маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш борасида томонлар кенгайтирилган
таркибда – икки давлат делегациялари иштирокида сўз юритди. Умуман, охирги 20 йилда
Италия Қозоғистон иқтисодиётига 7,5 миллиард доллардан зиёд сармоя киритган. Бугунги
кунда мамлакатимизда 270 га яқин итальян компанияси ишлаб турибди. Қозоғистон Президенти
давлатлар ўртасида шаклланган яқин сиёсий мулоқотни ҳам алоҳида айтиб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз Сиз раҳбарлигингиздаги Италия Ҳукуматининг Қозоғистон билан
нафақат савдо ва инвестициялар соҳасида, балки давлатларимиз парламентлари
ўртасида ҳам алоқа ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яқин муносабатларни
ривожлантиришга бўлган интилиши ва содиқлигини юқори баҳолаймиз. Шу билан
бирга, гуманитар соҳадаги шериклигимиз учун ҳам чин дилдан миннатдормиз. Сизнинг
ташрифингиз келгусидаги ҳамкорлигимизга
кучли туртки бериши билан йирик аҳамият касб этади. Ишончим комил, Қозоғистон
ва Италия халқаро майдонда ишончли ва стратегик ҳамкор сифатида кўзга
ташланишда давом этади.
Жоржа Мелони,
Италия Бош вазири:
– Таъкидлашни истардимки, Сизни
ўзим учрашишга мушарраф бўлган энг прагматик
етакчилардан бири деб биламан. Айни пайтдаги чорловларнинг мураккаблигини чуқур
тушунадиган инсон билан учрашиш муен учун фавқулодда қийматли. Шундай мураккаб
пайтда яхши янгиликлар ҳам борлиги қувонтиради, шулардан бири – Италия ва
Қозоғистон ўртасидаги илиқ муносабатлар. Бизнинг алоқаларимиз юксак даражада, буни
бир неча марта қайд этганмиз. Уларни келгусида мустаҳкамлаш учун ҳамиша
имкониятлар мавжуд, ушбу ташриф мақсади айни шу нарсага қаратилган. Биз
мамлакатингиз ва бу минтақанинг Ғарбу Шарқни боғлайдиган тарихий чорраҳа ўлароқ
алоҳида аҳамияти борлигини эътироф этамиз.
Музокаралар якунида Қозоғистон Президенти ва Италия Бош вазири стратегик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Қўшма баёнот қабул қилди. Ташриф доирасида, шунингдек, 8 та ҳужжат имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

