Қозоғистонда 9 ой давомида автомобиллар ёрдамида транзит юк ташиш ҳажми 3,6 миллион тоннани ташкил қилди. Шу жумладан, Хитой транзитити икки марта, бир ярим миллион тоннагача ортди. Транспорт вазири ўринбосари Сатжан Аблалиев Ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, Хитой маҳсулотлари транзити ошиши натижасида мамлакат иқтисодиётига тушаётган маблағ ҳажми уч марта ошди ва 263 миллиард тенгени ташкил қилди. Айни вақтда, автомобиль ёрдамида юк ташиш денгиз орқали ташишдан анча кам бўлсада, тиббий анжомлар, қимматбаҳо товарлар, шунингдек, қисқа муддатда етказиб берилиши лозим бўлган товарлар автотранспорт ёрдамида ташиляпти. Денгиз орқали жўнатилаётган юкларни қуруқлик йўлларига жалб этиш ниятида вазирлар маҳкамаси қатор чора-тадбирлар кўряпти. Бонд омборлари барпо этиляпти. Ўтказиш пунктлари қуввати ошириляпти, мамлакатдаги транспорт воситалари кўпайтириляпти, рухсатнома беришнинг самарали усуллари жорий этиляпти. Шу билан бирга, барча ахборот тизимлари интеграцияланади ва инвесторларни жалб этиш механизмлари соддалаштирилади.
Алихан Смаилов,
Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Автомобиль юк
ташишларини янада ривожлантириш учун қуйидагиларга эътибор керак. Маҳаллий ижро
органлари икки ойлик муддатда сервис объектлари қуриш учун тегишли ер участкаларини
бизнес субъектларига бериши зарур. Транспорт вазирлиги хорижий ижозат бланклари мамлакат компанияларига
тақсимланиши бўйича самарали механизм ишлаб чиқиши ва меъёрий-ҳуқуқий
ҳужжатларга ўзгаришлар киритиши лозим. Ҳокимликлар йўл бўйидаги сервис объектларини
Миллий стандартга мувофиқлаштириш бўйича ўз йўл хариталарини ишлаб чиқиши лозим.
Абдумалик Сарманов таржимаси.