Қозоғистонда ҳар йили қишлоқ хўжалиги техника паркини
10 фоизга янгилаш кўзланган. Европа, Канада ва АҚШдаги етакчи хорижий
компаниялар бу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёр. Бош вазир Ўлжас Бектенов
халқаро қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар якунида томонлар Қўстанайда қишлоқ хўжалиги техникаси корхоналарини
маҳаллийлаштиришга йўналтирилган бир қатор келишувлар имзолади.
Петер Заксе, «John
Deere»
компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича вице-президенти:
- Мазкур
ҳамкорлик доирасида бизнинг компания яқин йилларда 3 мингга яқин техника
бирлигини ишлаб чиқаришни режа қилган. Бу замонавий технологияларга эга бўлиш,
шунингдек, янги иш ўринлари барпо этиш, Қозоғистоннинг муҳандислик салоҳиятини
ошириш, мамлакатнинг машинасозлик қобилиятини ўстириш имконини яратади. «John
Deere»
Қозоғистонни Марказий Осиёдаги асосий стратегик шерик сифатида кўради.
Бугун Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб
чиқарувчи 8 та йирик корхона мавжуд. Улар ҳар йили 8 мингдан зиёд трактор ва
мингдан ошиқ комбайн чиқаради. Соҳани қўллаб-қувватлаш учун техника хариди
харажатига 30 фоизга қадар субсидиялаш кўзда тутилган, шунингдек, 5 фоизгача
имтиёзли кредитлаш кўзда тутилган. Бу чоралар натижа бера бошлади, сўнгги икки
йилда сотув ҳажми учдан бир қисмдан кўпроққа ошган. Умуман, Қозоғистон қишлоқ
хўжалиги экин майдонлари бўйича олтинчи ўринда туради. Ўтган йили соҳада
маҳсулот ҳажми 6 фоизга ошиб, 9 триллион тенгега етган. Донли экинлардан 26
миллион тонна, мойли экинлардан 5 миллион тоннадан зиёд ҳосил олинган.
Ричард Гарольд, «Lindsay
Corporation»
компанияси катта вице-президенти:
- Биз Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги секторини мустаҳкамлаш, маҳаллий имтиёзлар ва барқарор тараққиётни илгари суриш борасидаги стратегик қарашларини юқори баҳолаймиз. Қозоғистонлик фермерлар билан биргаликда, сувни тежовчи, юқори унумдор қишлоқ хўжалиги корхоналарини очишимиз мумкин, жаҳон даражасидаги ирригация технологияларини локал ишлаб чиқариш ва қўллаш имкони бор, бу эса бутун мамлакатда бирлашмаларнинг узоқ муддатли ривожини таъминлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

