Қозоғистон ва Грузия стратегик ҳамкорликка кўчади

Қозоғистон ва Грузия стратегик ҳамкорликка кўчади

Грузия бош вазирининг Қозоғистонга ташрифи икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Грузия Ҳукумати раҳбари Ираклий Кобахидзе билан музокаралар чоғида маълум қилди. Давлат раҳбари стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида имзоланган Қўшма баёнот муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Президент энергетика, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва туризм соҳалари учун "йўл харитаси" ишлаб чиқишни таклиф қилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Икки томонлама товар айирбошлаш янада ўсиши учун имконият етарли. Грузиянинг энг йирик инвесторлари қаторидаги Қозоғистон Грузия иқтисодиётига ярим миллиард доллардан зиёд сармоя киритди. Давлатларимиз энергетикадаги муваффақиятли ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Биз «Боку – Тбилиси – Жайҳан» қувури орқали нефть ташиш ҳажмини ошириш ниятидамиз.


Ираклий Кобахидзе, Грузия Бош вазири:


– Икки томонлама шерикликнинг янги стратегик босқичга кўтарилиши ҳукуматларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади. Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилганингиз учун миннатдорлик билдираман. Биз Қозоғистон билан турли, сиёсий мулоқот, институционал ва ҳукумат даражасидаги яқин ҳамкорлигимизни юқори даражада қадрлаймиз.


Томонлар инвестициявий лойиҳаларини рўёбга чиқаришдан манфаатдорлигини тасдиқлади. Ўрта йўлакни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистон нафақат Ботуми порти билан ҳамкорликни мустаҳкамлашд, балки Грузиянинг бошқа портларидаги иштирокини кенгайтиришдан ҳам манфаатдор. Рақамли ҳукумат, онлайн давлат хизматлари ва GovTech ечимлари соҳасида тажриба алмашишга тайёр. Шунингдек, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Қатор давлатлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.


Қозоғистон ва Грузия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Ираклий Кобахидзени I даражали «Дўстиқ» ордени билан тақдирлади.


Абдумалик Сарманов таржимаси