Қозоғистонда қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланган ҳолда «яшил» водород ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳа ишга туширилади. Ушбу йўналиш Ақтаудаги Қозоқ-немис барқарор муҳандислик институтининг магистратура ва докторантурасида чуқурроқ ўрганилади. Яқин икки йил ичида энергетика ва логистика соҳасидаги таълимий дастурлар ишлаб чиқилиб, жорий этилиши кўзда тутилган. Бунинг учун Германия олий ўқув юртларидан олимлар келди. Бир ҳафта давомида улар маҳаллий мутахассислар билан энг яхши амалиётлар, уларни кадрлар тайёрлашда қўллаш масаласини муҳокама қилади.
Ханс-Людгер Динел, Берлин Техника университети профессори:
– Асосий мақсадимиз – энергетикани барқарор ривожлантириш ва атроф-муҳит муҳофазасига йўналтирилган магистратура ва докторантура бўйича таълимий дастурлар ишлаб чиқиш. Шунингдек, денгиз инфратузилмасини тадқиқ қилиш, денгиз операцияларини бошқариш бўйича мегалойиҳа муҳокама қилинади. Олимларингиз билан биргаликда Каспийбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш масаласини кўриб чиқамиз. Биргаликдаги фаолият давлатлар ўртасидаги академик салоҳиятни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

