Қозоғистон ва Германия президентлари музокара юритди

Қозоғистон ва Германия президентлари музокара юритди

Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг республикамизга давлат ташрифи муносабатлар ривожига янги туртки беради, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев немис делегациясини қутлаганда. Инвестиция, энергетика, транспорт-логистика соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида қолади. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Қозоғистон Германиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. Германия Марказий Осиё билан олиб бораётган савдонинг 80 фоизи мамлакатимизга тўғри келади. Ўтган йили ўзаро товар айланмаси 10 миллиард долларни ташкил қилди.Қозоғистон Германиянинг 50 асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири, мамлакатга нефть етказиб бериш бўйича тўртинчи ўринда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Германия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий ҳамкори. Биз турли йўналишларда ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун имконият доирасида бўлган барча ишларни бажарамиз. Ҳозир биз кўплаб масалалар, шу жумладан, ўзаро ҳамкорлигимиз, ҳалқаро ташкилотлар доирасида олиб борилаётган ишлар, геосиёсий вазият тўғрисида батафсил, очиқ шаклда фикр алмашдик.

Қосим-Жўмарт Тўқаев немис компанияларини “яшил энергетика”га инвестиция киритишга чақирди. Шу жумладан, томонлар “яшил водород” ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланишини қутлади. 50 миллиард доллар ҳажмли инвестиция киритиладиган лойиҳани немис-швед компанияси рўёбга чиқаради. Энергетикадан ташқари, тадбиркорларни транспорт-логистика салоҳияти ҳам қизиқтиради.  Қозоғистоннинг бугунги кунда Хитой – Европа йўналишида қуруқлик орқали ташиладиган транзит юкларнинг 80 фоизи ўтадиган минтақавий хабга айланиши ҳам лойиҳаларнинг истиқболини таъминлайди. Томонлар Транскаспий халқаро йўналиши доирасида ўзаро алоқаларни кенгайтиришга эътибор қаратди. Унинг нуфузи йил сайин ортяпти. Аниқ рақамларга келсак, ўтган йили йўлак орқали 1,7 миллион тонна юк олиб кетилди. Бу эса 2021 йилдагидан икки марта кўп.

Франк-Вальтер Штайнмайер, Германия федерал президенти:

- Сиз таъкидлаган икки томонлама ўзаро алоқаларимиз ҳолати тўғрисида фикрларингизни тасдиқлайман. Биз дипломатик муносабатлар ўрнатилган 30 йилнигина эмас, балки сиз тилга олган барча соҳалардаги фаол ривожланиб бораётган ҳамкорликни ҳам ҳисобга оламиз. Немис компаниялари Қозоғистонга салмоқли инвестициялар киритди, ва бу шунчаки иқтисодий муносабатлар эмас. Биз аслида ҳам жаноб Президент билан сафдошмиз, ва Қозоғистонда ўтказилаётган кенг кўламли  ислоҳотларга улкан ҳурмат билан қараймиз.

Музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар қаторида вазирликлар ва идоралар орасида ҳамкорлик тўғрисида, йўловчи ташиш соҳасида шерикчилик тўғрисида, биргаликда фойдали қазилмалар геологоразведкаси олиб бориш тўғрисида, Қозоғистон – Германия барқарор муҳандислик институти тўғрисида меморандумлар бор. Илм даргоҳи тез орада Ақтауда очилади. Сўнгра Франк-Вальтер Штайнмайер ҳамда Қосим-Жўмарт Тўқаев қўшма брифинг берди. Қозоғистон Президенти халқаро муносабатлар кун тартибига тўхталди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз жаҳондаги сиёсий ва иқтисодий тарангликдан хавотирдамиз. Барча муаммолар тинч йўл билан, одамлар ва келгуси авлод фойдаси учун ҳал қилиниши кераклиги шубҳасиз. Ўзингизга маълум, Қозоғистон шу кунгача қарама-қарши томонларни тинчликка чақириб келди. Мамлакат музокаралар учун нейтрал майдонча таклиф этди. Қозоғистон зиддиятларни дипломатик йўл билан ҳал этишда фаол қатнашишга тайёр.

Республикада яшаётган 200 мингдан зиёд этник немислар ҳамда Германиядаги бир миллион кўчиб борган немислар мамлакатларни боғловчи «жонли робита» вазифасини бажара олади. Томонлар Астана ва Берлин ўртасида маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланишини таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси