Қозоғистон ва француз бизнеси инвестициявий давра суҳбати ўтказилди

Бугунги кунда Франциянинг Марказий Осиё билан ўзаро савдосининг 80 фоизидан зиёди Қозоғистонга тўғри келади. 2024 йилда икки томонлама товар айланмаси ҳажми 45 фоизга ортди. Қосим-Жўмарт Тўқаев инвестициявий давра суҳбати йиғилишида таъкидлашича, Қозоғистонга француз инвестициялари ҳажми ортди. Ва у 900 миллион долларни ташкил қилди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Энергетика ҳамиша ҳамкорлигимизнинг асосий сектори бўлиб келган. Европа Иттифоқига кўп миқдорда нефть ва уран етказувчи Астана келажакда ҳам Франциянинг энергетик суверенитетини қўллаб-қувватлашга тайёр. Биз Қозоғистонда француз саноати фаоллашишини кутамиз, буни илғор технологияларнинг ишлаб чиқариш соҳасига жорий этилиши билан боғлаймиз. Мамлакатимиз дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи эканлигини, Франция эса атом саноатида катта тажрибага эгалигини ҳисобга олсак, биз фуқаролик атом энергетикасида ҳамкорлик қила оламиз.

Қозоғистон ва француз бизнесининг амалда барча иқтисодий йўналишларда уйғун нуқталари бор. Қосим-Жўмарт Тўқаев алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун Президент Эмманюэль Макронни келгуси йилда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этганини таъкидлади. Француз тадбиркорларини 2025 йил май ойида Астана форумида қатнашишга чақирди.


Қозоғистон Президенти француз бизнеси вакиллари билан учрашди


Сўнгра Қозоғистон президенти қатор учрашувлар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев дунёдаги энг йирик атом электростанциялари оператори бош директори билан энергетика соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Люк Ремон Électricité de France ташкилотининг «Қозатомсаноат» билан ўзаро фойдали ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқлади. Давлат раҳбари  Orano S.A. саноат компанияси президенти Никол Маса билан ҳам соҳани ривожлантириш масаласини муҳокама қилди. Томонлар илмий-техник соҳа ва ноёб металлар қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқишди. Кема компанияси Родольф Саад билан суҳбатда Қозоғистон транспорт-логистика мажмуасини ривожлантиришга урғу берилди.


Абдумалик Сарманов таржимаси