Қозоғистон  Афғонистонга қўшимча гуманитар ёрдам тайёрлаяпти

Қозоғистон  Афғонистон учун яна бир партия гуманитар ёрдам ҳозирлаяпти. Қўшимча юк темирйўл орқали юборилади. Эслатамиз, куни-кеча Миллий гвардия самолёти ёрдамида Ҳиротга чодирлар ва дори-дармонлар етказиб берилди. Мамлакатимиздан борган гуманитар ёрдамни Зилзила оқибатлари билан кураш штаби вакиллари қабул қилиб олди. Улар Қозоғистонга миннатдорчимлик билдирди.

Гарвал Абдул Саттар, Зилзила оқибатлари билан кураш штаби вакили:
- Биринчи навбатда биз оғир кунимизда ёрдам қўлини чўзгани учун Қозоғистон халқига, жаноб Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга миннатдорчилик билдирамиз. Юкни қабул қилиб олгач махсус комиссия уни қаерга юборишни ҳал қилади. Ҳозир биз марҳумларни дафн этаяпмиз, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатяпмиз. Жароҳатланганларга имконимиз борича кўмаклашаверамиз. Афсуски, бугун соат 05:00 да Қозоғистон қутқарувчилари ишлаётган жойда яна бир зилзила юз берди.

Айни вақтда, Қозоғистон қутқарувчилари Ноиброфий аҳоли манзилгоҳида 76 участкадаги вайрон бўлган уйларни текшириб чиқишга улгурди. Бундан ташқари, Фалокатлар тиббиёти марказининг шифокорлари аҳолига ёрдам кўрсатяпти. Эслатамиз, Афғонистонга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг таркибида тажрибали кинологлар, врачлар, фельдшерлар бўлган 45 кишилик тезкор қутқарув отряди етиб борган. Мутахассислар барча тегишли асбоб-ускуналарини ўзлари билан келтирган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.