Қозоғистон ва Эрон ўзаро ташиладиган йиллик юк ҳажмини 1 миллиондан 4 миллион тоннагача етказиш ниятида. Томонлар савдо, транспорт ва логистика бўйича ҳамкорлик хусусида меморандум имзолади. Унинг доирасида йил охиригача йўл харитаси ишлаб чиқилади. Ҳужжатда фура ҳайдовчилари учун махсус виза тартиби жорий этиш, икки давлатда божхона жараёнларини такомиллаштириш, «Қозоғистон – Туркманистон – Эрон» йўналишида автотранспорт ёрдамида юк ташишнинг пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ва саноати маҳсулотлари янги бозорлар – Покистон, Ҳиндистон, Жанубий-Шарқий Осиё, Шарқий Африкага чиқиш ниятида. Республика бунда эронлик ҳамкасблар тажрибасидан фойдаланади. Умуман олганда, Қозоғистон Эрон билан йиллик савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятида. Бунинг учун имконият етарли. Жорий йилнинг 8 ойида ўзаро товар айланмаси 350 миллион доллардан ошди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.