Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ишлаб турган инвесторларга қўнғироқ қилмоқда. Январь воқеалари бошланганидан буён мутахассислар ҳар бир сармоячи билан якка тартибда ишлаяпти, республикадаги вазият юзасидан маълумот бермоқда.
Ардақ Зебешев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар қўмитаси раиси:
- Тан олиш керакки, сўнгги кунлардаги воқеалар Қозоғистон имижига катта зарар етказди. Ҳозир Ташқи ишлар вазирлиги KAZAKH INVEST миллий компанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситалари, мамлакатда юзага келган вазият ва кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича инвесторлар билан бевосита мулоқот орқали тўлақонли тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Шу жумладан, таъкидлаш лозимки, бизда қайноқ линия ишлаб турибди. 620-620 телефони орқали кеча-кундуз инвесторларнинг юзага келган вазият хусусидаги саволларига жавоб берамиз, муаммоларини ҳал қиламиз.
Вазирлик тарқатган маълумотга кўра, олиб борилган тўғри сиёсат туфайли мамлакат имижига берилган зарба юмшатилди, хорижий инвестициялар кетиб қолиши олди олинди. Беқарорлик даврида бирорта инвестор ишини тўхтатмади.
Ержан Қазихан, Қозоғистон Республикаси Президенти девони раҳбари ўринбосари:
- Мавжуд фактларга асосан вазиятни тўла ўрганиб чиқиш учун махсус давлат комиссияси тузилди. Тафтиш натижаларини ҳеч қандай тўсиқларсиз халқаро ҳамкорларимизга ва жаҳон ҳамжамиятига тақдим этамиз.
S&P Global баҳолашича, Қозоғистоннинг кредит рейтинги аввалги даражада қолиши учун барча имкониятлар бор. Турли манбаларга кўра, январь воқеалари туфайли Қозоғистон иқтисодиётига 2,5 миллиард доллар атрофида зарар етказилган. Гап погромлар ва интернет узилиши, турли жараёнларнинг тўхташи туфайли юз берган йўқотишлар ҳақида кетмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси