Қозоғистон стартапларини дунё тан олмоқда

Қозоғистон стартапларини дунё тан олмоқда

Ёш қозоғистонлик олимлар турли препаратлар ишлаб чиқариш учун кимёвий молекулаларни йиғадиган ўзига хос нейрон тармоғини яратди. Майдончада ишлатиладиган алгоритмлар янги дорилар яратилишида хизмат қилади. Ишланма муаллифларига МДҲ ва Европадан буюртма тушяпти. Яқинда Канаданинг машҳур биотехнология компанияларидан бири бу кашфиётга қизиқиш билдирган.

Даукен Сейтқали, лойиҳа муаллифи:

- Бизнинг мижозларимиз – биотехнология компаниялари, улар оқсил тузилишининг 3D-моделини юборади. Масалан, у қайсидир касаллик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Майдончамиз тегишли молекуляр формулани ишлаб чиқади. Натижада, ўз навбатида, лаборатория тадқиқотлари ўнлаб, юзлаб марта жадаллашади.

Хорижда эътироф қозонган яна бир лойиҳани ўқувчилар ишлаб чиққан. Мобиль илова алоҳида эҳтиёжга эга болалардаги нуқсонларнинг олдини олишга қаратилган, унга ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти қизиқиш билдирди. Майдонча дастурида 10 та мослаштирувчи китоб ва ўйин мавжуд.  

Амина Смағулова, лойиҳа ҳаммуаллифи:

- Апрель ойи охирида бизни Стэндфорд университетига таклиф этишди. Унда бўлиб ўтган нейрология халқаро форумида маҳсулотимизни тақдим этдик. Стэндфорд олимлари, докторлар, профессорларга иловамизни кўрсатдик. Услубимиз тўғрисида яхши фикрлар билдирилди, ҳали ҳеч ким бу йўналишда ишламагани айтилди. 

Ёш қозоғистонликларнинг фикрлаш ва хотирани мустаҳкамлашга қаратилган яна бир стартапи халқаро бозорларга чиқиш арафасида. Болалар интеллектуал ўйини шаклида тайёрланган илова ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ёш дастурчиларнинг айти-лойиҳаси кўчириб олиш бўйича Қозоғистонда рекорд натижа кўрсатди.

Алтинбек Султанқулов, лойиҳа раҳбари:

- Бу ўйин суратларни бўяш орқали болаларда хотира, фикрлаш, заковатни ривожлантиради. Ижодий қобилиятни ўстиради. Ўйин қозоқ, рус ва инглиз тилларида яратилган. Келгуси ярим йил мобайнида Марказий ва Шарқий Осиё давлатларига кириб бориш ниятидамиз.

Таъкидлаш лозимки, лойиҳа муаллифларининг ҳаммаси – NURIS халқаро технопарки бизнес-инкубация ва акселерация дастури битирувчилари. Сўнгги йилларда бу масканда 500 дан зиёд шогирд етиштирилди, уларнинг ярми маҳсулотини сотувга қўйди. Лойиҳаларга киритилган инвестиция ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил қилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси