«Астана Опера»нинг Москвадаги гастроллари якунланди

«Астана Опера»нинг Москвадаги гастроллари якунланди. Қозоғистон артистлари «Мусиқани кўра олиш» мусиқа театрлари VIII фестивалида мухлислар олқишларига сазовор бўлди. Улар нозик дидли томошабинларга Жоаккино Россинининг «Ипак нарвон» операсини тақдим этишди. Енгил комедия постановкасида машҳур артистлар ва «Астана Опера» халқаро академияси битирувчилари роллар ижро этди. Таъкидлаш лозимки, спектакль премьераси 2019 йилда ўтказилганди. Шундан сўнг бу опера мамлакатимиз театрининг ташриф қоғозига айланди. Труппа у билан Қозоғистон бўйлаб, яқин ва узоқ хориж бўйлаб гастролларга чиқяпти.

Абзал Мухитдин, «Астана Опера» театри дирижёри:
- Жоаккино Россинининг «Ипак нарвон» спектакли Piccolo театри лойиҳаси, у «Астана Опера» таркибига киради. Томошабин билан жуда яқин контактда бўлишга йўналтирилган, шунинг учун саҳна ўзига хос безалган. Галина Вишневская театри саҳнаси спектаклимиз талабларига жуда мос, томошабин билан мулоқотга йўл очади.

Евгений Чайников, «Астана Опера» театри етакчи яккахони:
- Спектаклнинг ўзи жуда қизиқарли. Биринчидан жуда  ихчам, режиссураси ҳам, ишлатилган костюмлар ҳам ёрқин. Бу спектакль гастролга олиб чиқиш, йўл юриш учун ҳам, саҳнага олиб чиқиш учун ҳам жуда қулай, декорациялари у қадар кўп эмас, спектаклда кўп одам қатнашмайди. 

 

Абдумалик Сарманов таржима қилди.