Қозоғистонда ялпи ҳосил йиғим-терими август ойининг учинчи ўн кунлигида бошланади. Ҳукуматда мазкур кампанияга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилда Давлат раҳбари топшириғига кўра, баҳорги дала юмушлари ва йиғим-терим ишларини ўтказиш учун рекорд даражадаги маблағ – 580 миллиард тенге ажратилган. Қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга харид қилишга йўналтирилган маблағ 5 марта оширилган. Тегишли муассаса маълумотларига биноан, техника мавсум бошланишига тахт. Жами бўлиб, йиғим-теримга 150 мингга яқин трактор, 38 мингта дон йиғиш комбайни ва 14 мингта ўрим машинаси тайёрланган. Кузги дала ишларини ўтказиш учун фермер хўжаликларига 64 минг тоннадан ортиқ имтиёзли дизель ёнилғиси етказилган.
Бош вазир йиғим-терим кампаниясини, маҳаллий маҳсулот, жумладан, истиқболли экспорт бозорларига етказиб берилишини таъминлаш масалаларини алоҳида назоратда тутиб туришни топширди. Хусусан, Хитой, Яқин Шарқ, Африка ва бошқа давлатлардаги ҳамкорлар билан иш фаоллашади. Таъкидлаймиз, Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги экинларининг умумий майдони 23 миллион гектардан зиёдни ташкил этади. Шунинг 17 миллионга яқинига дон маҳсулотлари экилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.