Қозоғистон шарқида қишки туризм ривожланади

Қозоғистон шарқида қишки туризм ривожланади

Республика шарқида қишки туризмни халқаро даражада кенгайтириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Шу кунларда вилоятда тоғ-чанғи ва экстремал туризм турлари яхши ривожланган. Янада тараққий этиш имкониятлари катта. Риддерда тоғ чанғисидан ташқари, фрирайд, могул, скикросс, слалом каби қишки спорт турлари билан шуғулланиш мумкин. Олтой тоғларида салкам икки километр баландликда тоғ-чанғи мажмуаси қурилиши режалаштирилган. Маҳаллий ҳокимлик истиқболли лойиҳани хорижлик инвесторлар билан муҳокама қилди.

Дархан Қўсантаев, Риддер шаҳар ҳокими ўринбосари:

- Бу лойиҳа тўлалигича хусусий инвесторлар ҳисобидан бўлиши кутиляпти. Лекин инфратузилма келтириш масаласини давлат ўз зиммасига олиши аниқ.

Ҳозир Қозоғистоннинг туризм ривожланиши кутилган ҳудудлар элликталигига кирадиган Риддер шаҳрида ноёб манзараларга эга ёнбағирлар туристик мавсумга тайёрланмоқда. Уларда қишки сайёҳлик мавсуми олти ой давом этади. Ҳудудда қор қатлами жуда узоқ вақт сақланиб туради, шамол ва кўчки эҳтимоли деярли йўқ.

Мария Русина, Қозоғистон Республикаси турагентликлари ҳамжамиятининг шарқий қозоғистон бўйича вакили:

- Пандемия даврида, бизда пасайиш кузатилганида чет элга чиқиш имконияти деярли йўқ эди. Туристларимиз ички йўналишларни кашф этди. Россиядан ҳам Риддер ҳудудига қизиқувчилар жуда кўп, менимча, шунинг учун ҳам минтақада туристик бизнес фаол ривожланиш имкониятига эга.

Абдумалик Сарманов таржимаси