Туркия кўчага Анадўлу номи берилганидан миннатдор

Туркия Астана кўчаларидан бирига Анадўлу номи берилгани учун Қозоғистондан миннатдор.  Республиканинг юз йиллиги арафасида бу жуда муҳим, дея таъкидлашди дипломатлар.

Мустафа Капужу, Туркиянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Қозоқ қардошларимиз, шунингдек, Қозоғистон Президенти, жаноби олийлари Қосим-Жўмарт Тўқаевдан пойтахтнинг энг йирик кўчаларидан бирига Анадўлу номини беришгани учун миннатдормиз. Туркия Республикасининг 100 йиллиги арафасида бу жуда муҳим.

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги қардошлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Мамлакат республикамизнинг энг муҳим савдо ҳамкорлари қаторида. Қозоғистон Молия вазирлиги берган маълумотга кўра, 2023 йилнинг 7 ойи давомида икки давлат ўртасида ўзаро товар айланмаси 3 ярим миллиард долларга етди. Давлатлар йил охиригача мазкур стратегик кўрсаткични 10 миллиард долларга етказишдек улкан вазифани қўйган.


Мустафа Капужу, Туркиянинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Эҳтимол, жорий йил охиригача мўлжалимиздаги кўрсаткичларга эриша оламиз. Сўнгра янги мақсадлар қўямиз. Товар айланмасини 15-20 миллиард долларгача оширамиз.

Экспертлар фикрича, кутилаётган Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ноябрь ойидаги ташрифи  икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларда муҳим аҳамиятга эга. Кун тартибига икки давлатнинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ва икки томонлама ҳамкорлик борасидаги фаолияти, янги ташаббуслари қўйилади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Туркия президенти қайта сайланганидан кейин Қозоғистонга илк марта ташриф буюрмоқда.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.