Қозоғистон-Россия муносабатларидаги жадал ўсиш савдо-иқтисодий соҳада кўзга ташланмоқда. Умумий қиймати 4 миллиард долларга тенг бўлган 20 та қўшма лойиҳа турли босқичларда турибди, улар машинасозлик, металлургия, кимё саноати соҳасига доир. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Владимир Путиннинг Кремлдаги учрашуви чоғида маълум қилинди, унда президентлар икки томонлама алоқаларга оид долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик сустлашган, дейишга асосимиз йўқ. Товар алмашинуви 25 миллиард долларга етди. Россия Қозоғистон учун савдо-иқтисодий соҳада асосий шерик саналади. Шу боис, мен Ҳукумат олдига қўйган вазифалар нафақат бу динамикани ва савдо, инвестициялар ҳажмини сақлаб қолиш, балки ҳозирги геосиёсий воқелик келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамай, уни ўстиришдан ҳам иборатдир. Мен билан бирга Қозоғистон Ҳукуматининг Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги асосий масъул шахслари келган, улар шу блок учун жавобгар. Жуда сермаҳсул музокаралар ўтказилди, улар олдига аниқ натижаларга эришиш мақсадида Россия Федерацияси Ҳукумати билан амалий асосда иш олиб бориш вазифаси қўйилган.
Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:
- Бизда ҳамма нарса яхши ривож топмоқда, ўтган йили товар алмашинуви ўсиши 34 фоизни кўрсатган. Россия компаниялари томонидан Қозоғистон иқтисодиётига 17 миллиард доллар инвестиция киритилган. Бугунги кунда барчамизга маълум бўлган мураккабликларга қарамасдан, ҳамкорлик ривожланяпти.
Тарафлар жорий йил кузида Оренбургда бўлиб ўтадиган Минтақалараро форумда икки томонлама иқтисодий масалаларни муҳокама қилишга келишиб олишди. Давлатимиз раҳбари Россия етакчисининг июнда ўтказиладиган Петербург иқтисодий форумида қатнашиш таклифини ҳам қабул қилди. Кейинроқ Қозоғистон ҳукумати делегацияси Екатеринбургда ташкил қилинадиган йирик саноат кўргазмасига боришни ҳам режа қилган.