Қозоғистон рассомлари асарлари - Парижда

Қозоғистон ижодкорларининг ёрқин ва ўзига хос асарлари Парижда ўтказилаётган Asia Now замонавий санъат ярмаркасида кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Мухлислар турли газламалардан жой олган кўчманчи халқ  ижодини томоша қилди. «Давр тўқимаси: қозоқ санъатининг уч авлоди» деб номланган кўргазма томошабинлар учун номадларнинг тарихий, маданий меросини кузатиб бориш имкониятини яратди. Ўтов катта қизиқишга сабаб бўлди. Картиналардан ўрин олган, кўчманчилар учун муқаддас мазмунга эга орнаментлар айниқса эътибор билан кўздан кечирилди.  

Найма Морелли, ёзувчи ва рассом:
– Марказий Осиё замонавий санъати кўргазмаси мен учун қизиқарли бўлди. Албатта, аввал ҳам нақшлар, ўтовларни кўрганман, лекин ижодкорлар замонавий ва анъанавий нарсаларни шундай уйғунлаштирганини томоша қилганда, уларни қайта кашф этгандек бўласиз. Наматдан қандай фойдаланилгани менга ёқди. Мазкур ашё деярли ҳар бир асарда мавжуд. Ва ҳар бирининг ўз энергетикаси бор.

Қозоғистон усталаридан ташқари, ярмаркада Осиёнинг 26 давлатига тегишли 65 та галерея, 220 нафар ижодкор иштирок этди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.