Қозоғистон
Президенти Алматида БМТ Бош котиби билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Қосим-Жўмарт
Тўқаев Антониу Гутерришга Қозоғистонга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди. Давлат
раҳбари таъкидлашича, Марказий Осиёдаги биринчи Барқарор тараққиёт мақсадлари
бўйича марказнинг очилиши минтақа учун катта ютуқ ҳисобланади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Шахсан ўзим ва
Қозоғистон халқи номидан Сизга ва жамоангизга ушбу ташаббусни
қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Сизнинг узоқни кўзлаган
UN80 ташаббусингизни юқори баҳолайман. Қозоғистон БМТни ислоҳ қилиш бўйича
ҳаракатингиз ва сизнинг устуворликларингизни тўла қўллаб-қувватлайди. Шу
муносабат билан мен Бирлашган Миллатлар ташкилоти фаолияти асосини ташкил
этувчи Қозоғистоннинг мультилатерализм, дипломатия ва ҳамкорликнинг асосий
тамойилларига тўла-тўкис содиқ эканлигини яна бир марта тасдиқлайман.
Антониу Гутерриш
Қозоғистоннинг халқаро ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш сари фаолиятга қўшган
ҳиссасини кўрсатиб ўтди.
Антониу Гутерриш,
БМТ Бош котиби:
– Қозоғистон турли
вазиятларда тинчликсеварлик, мулоқот, халқлар ўртасидаги робита, ҳалол
воситачилик намунаси кўрсатяпти. Бир неча ўн йиллар аввал бутун дунё учун
намуна бўла оладиган ечим — ядро қуролидан воз кечиш тўғрисидаги тарихий қарори
билан ушбу йўналишдаги фаолиятини бошлади.
Ҳамма тамаддунлар тўқнашуви ҳақида гапирган вақтда Қозоғистон турли
эътиқодлар ва маданиятлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик мумкинлигини яққол
кўрсатиб бера олди. Сизнинг ташаббусларингиз буни исботлади. Сиз ҳамиша дунёга
бирлик ва одамларни ўзаро яқинлаштириш зарурлигини билдиргансиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев
ва Антониу Гутерриш Марказий Осиё ва Афғонистон учун барқарор тараққиёт
мақсадлари бўйича БМТ минтақавий марказини яратиш тўғрисида шартномани
имзолади. Давлат раҳбари фикрича, бу воқеа минтақанинг стратегик аҳамияти ортиб
бораётганини тасдиқлайди. Шунингдек, Қозоғистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг
муҳим босқичига айланади.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Бугунги кунда
Марказий Осиё ҳар сафаргидан жипс, яхши қўшничилик ва умумий тараққиётга эришиш
ниятида эканлигини намойиш қиляпти. Биз асосий халқаро муаммоларни ҳал этишда
фаол иш юритаётган воситачи сифатида Марказий Осиё салоҳиятини очишга
интиляпмиз, глобал саҳнада конструктив ва келажакка йўналтирилган кун тартибини
илгари суряпмиз. Бу жараёнда Алматидаги БМТ минтақавий марказининг очилиши ўз
вақтида амалга оширилган стратегик муҳим қадам бўлди.
Марказ минтақа
иқтисодиётларининг барқарорлиги ва фаол ривожланиши, инновациялар ва ҳамкорлик
ривожланиши бўйича ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда фаолият юритишига ёрдам беради,
дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. БМТ Бош котиби марказ очилиши минтақанинг
Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишида янги саҳифа очишини кўрсатиб ўтди.
Антониу Гутерриш,
БМТ Бош котиби:
- Марказ минтақа
етакчилари ўртасидаги пишиқ алоқаларнинг янада чуқур иқтисодий интеграцияга
олиб келиши мумкинлигини намойиш этиш бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга. Мен
Президент Тўқаевнинг узоқни кўра олишини, етакчилик қобилиятини юқори
баҳолайман. У дунё тузилишида янада муҳим ўрин тута оладиган Марказий Осиёнинг
янги қиёфасини яратишда катта хизмат қила олади.
Ўз нутқининг
охирида БМТ Бош котиби Қозоғистоннинг ички ва ташқи сиёсатида тутган ўрнини
юқори баҳолади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

