Қозоғистон ядро қуролисиз дунёга эришиш йўлида ҳаракатланаверади. Женевада бўлиб ўтган Қуролсизланиш конференциясида сўзга чиққан Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди таъкидлашича, республика Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги мавжуд ҳужжатни тўлдирувчи Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисида шартномани рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда. Ядро қуролидан холи дунё яратиш тўғрисидаги умумжаҳон декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2021 йил декабрь ойида рекорд даражада кўп овоз билан қабул қилинганди.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири Ўринбосари, Ташқи ишлар вазири:
- Жорий йилда биз бу ҳужжат учун Ядро қуролидан холи дунё яратишга оид декларация юзасидан олинганидан кўпроқ овозни тўпладик. Маълумки, Қозоғистоннинг мазкур ташаббуси ядровий қуролсизланишда иштирок этаётган энг муҳим давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Мазкур ҳужжат ядро қуролига эга бўлган ва уни қўлга киритишга интилаётган давлатларни янги аслаҳалар яратмасликка чақиради.
Қозоғистон форин-офиси раҳбари президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг биологик хавфсизлик бўйича халқаро агентлик тузиш ташаббусига тўхталди. Йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувларда Мухтар Тлеуберди ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди. Женевадаги БМТ бўлими бош директори Татьяна Валова билан Алматидаги БМТ Маркази базасида Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатлари учун минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида суҳбатлашди.
Татьяна Валовая, Женевадаги БМТ бўлими бош директори:
- Биз Қозоғистон кучга тўлганини, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан бораётганини кўриб турибмиз. Қарорлар қабул қиляпти. Турли чорловларга муносиб жавоб беряпти. Мен Қозоғистон халқига иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан тараққий этишни тилайман. Ҳозир биз Қозоғистоннинг БМТга аъзо бўлганининг 30 йиллигини нишонлаяпмиз. Бу муҳим сана. Ўтган йиллар мобайнида Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг нуфузли аъзоларидан бирига айланди, Биз кўплар йўналишларда самарали ҳамкорлик қилмоқдамиз. Улар қаторида мураккаб даврлардаги зиддиятли муаммоларни ҳам тилга олиш мумкин. Мен ҳамкорлигимиз самарали ривожланиб боришини тилайман.
Жаҳон савдо ташкилоти бош директори билан томонлар 12-вазирлар конференциясига тайёргарлик масаласини муҳокама қилди. Анжуман 13 июнда Женевада, мамлакатимиз раислигида ўтказилади. БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси раҳбари Ребекка Гринспан билан қўшма лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши ва келажак режаларни муҳокама қилди.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири Ўринбосари, Ташқи ишлар вазири:
- Маълумки, Қозоғистонда ЮНКТАД, товарлар божхоналардан ўтишига боғлиқ ASYCUDA лойиҳалари муваффақиятли рўёбга чиқарилди. Шунингдек, Қозоғистон товарларини хорижий бозорларга чиқариш бўйича экспорт ва импорт ягона дарчаси лойиҳаси ҳам ишлаб турибди. Ҳозир биз ЮНКТАД котибияти билан ишлаяпмиз. Ташқи ишлар вазирлиги бевосита хорижий инвестициялар жалб этишга бевосита жавобгар бўлгани сабабли хорижий инвесторларнинг иқтисодиётимизга бевосита кириши учун йўл очувчи қўшма лойиҳани муҳокама этдик
Икки томонлама учрашувда Жаҳон иқтисодий форуми Президенти Борге Бренде Қозоғистон томонига Қосим-Жўмарт Тўқаев номига ёзилган Давос саммитига таклифнома топширди. Анжуман май ойи охирида ўтказилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси