Қозоғистон Президенти ТРМ журналистлари Дохада малака оширди

Қозоғистон Президенти ТРМ журналистлари Дохада малака оширди

Қозоғистон Президенти ТРМ журналистлари Дохадаги Al Jazeera медиа-институтида малака оширди. Махсус таълим дастури доирасида улар иш жараёнини мақсадга мос шакллантириш, касбий малака ошириш бўйича самарали усулларни ўрганишди. Уларга энг сўнгги воқеалардан хабардор бўлишларида сунъий интеллект ёрдам кўрсатади. Хорижий оммавий ахборот воситаси берган маълумотга кўра, унинг имкониятлари телетомошабинлар учун энг замонавий стандартларга мос контент яратишга йўл очади. 

Фарас Ғани, «Al Jazeera» халқаро телекомпанияси  инглизча портали рақамли муҳаррири: 

- Технологиялар дунёсида нималар юз бераётганини билиш ўта муҳим. Улар ишни енгиллаштириш, янги ғоялар яратиш учун керак. Менимча, бунда сунъий интеллект билан боғлиқ курслар катта ёрдам беради. Биз иш ҳажми катта, таранглик мавжуд бўлган янгиликлар хонасида ўтирарканмиз, баъзан ташқаридаги нарсаларни унутиб қўямиз. Синфга келганимизда эса ишда фойдаланиш имкони бўлган малакаларни ўзлаштирамиз. 

Рабига Нурбай, «Қозинформ» халқаро ахборот агентлиги халқаро янгиликлар хизмати раҳбари: 

- Эндиликда биз амалиётда фойдаланишимиз мумкин бўлган қатор янги воситаларга эга бўлдик. AI медиада кенг ишлатилиши мумкин, шунинг учун ҳозирдан уни ўрганиш зарур. Бир қадам илгарида бўлиш эса иш фаолиятининг самарасини оширади. 

Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Президенти телерадиомажмуаси ва Al Jazeera ўртасида имзоланган меморандум туфайли бу имкониятга эришилди. Ҳужжат Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг ўтган йили февраль ойида Қатарга қилган давлат ташрифи давомида имзоланганди.  

Абдумалик Сарманов таржимаси