Қозоғистон Президенти нефть-газ соҳаси ривожланиши йўналишларини кўрсатди

Қозоғистон Президенти нефть-газ соҳаси ривожланиши йўналишларини кўрсатди

Қозоғистон Президенти «Лукойл» компаниясининг мамлакатимизда фаолиятининг 30-йиллигига бағишланган юбилей анжуманида иштирок этди. Ўтган давр мобайнида компания республика нефть-газ соҳасига 12 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритди, 100 миллион тонна нефть ва 60 миллиард куб-метр газ қазиб олди. «Лукойл» Қозоғистон ва Россия ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланишига ҳисса қўшяпти, иқтисодий салоҳиятни кенгайтирмоқда, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Компания иштирокида Тенгиз конини кенгайтириш масаласи ҳал қилинди. Бу эса дунё нефть-газ соҳасидаги энг йирик лойиҳалардан бири.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Каспий шельфида «Лукойл» «ҚозМунайГаз» билан бирга «Қаламқас-море» ва «Хазар» истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқаришга киришди. Улар — стратегик лойиҳалар. Конларни ишга тушириш учун олти миллиард доллар бевосита инвестиция киритилади, икки мингтадан зиёд иш ўрни яратилади. Ушбу лойиҳаларда Қозоғистон маҳсулотлари улушини ошириш доирасида денгиз нефть қазиб олиш майдончаларини қуришда Манғистау вилояти верфларидан фойдаланилади. Компания Қарачағанақ конидаги самарали ишларни давом эттиради.

Компания Каспий трубопровод консорциумини ривожлантиришда ҳам иштирок этяпти. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон нефтининг катта қисми ушбу йўналиш орқали экспорт қилинади. Ҳамкорликнинг муҳим босқичларидан бири сифатида Давлат раҳбари Алмати вилоятида 6 йил муқаддам ишга туширилган мойлаш материаллари заводини кўрсатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу энг юқори халқаро стандартларга мос маҳсулот чиқараётган Қозоғистондаги биринчи корхона. Президент бугунги кунда ҳам нефть-газ соҳаси қаршисида янги конларни ўзлаштириш бўйича катта вазифалар турганини тилга олди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Кенг кўламли геологоразведка, хомашёни чуқур қайта ишлаш лойиҳалари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари ҳамда инсон ва ижтимоий соҳага йўналтирилаётган инвестициялар алоҳида аҳамият касб этмоқда. «Лукойл» компанияси ушбу устуворликларни тўла-тўкис қўллаб-қувватлашига, стратегик ҳамкорликни ривожлантиришда янги муваффақиятларга эришишимизга ишончим комил.

Қозоғистон энергетика салоҳиятини ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун Қосим-Жўмарт Тўқаев машҳур тадбиркор ва жамоат арбоби Вагит Алекперовни I даражали «Барс» ордени билан мукофотлади. Шунингдек, «Лукойл» компаниясининг Қозоғистонда ишлаётган қатор ходимларига давлат мукофотлари топширилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси