Қосим-Жўмарт Тўқаев Москвада бўлиб ўтган МДҲ
давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида қатнашди. Президент таъкидлашича, Ҳамдўстликнинг нуфузли
халқаро ташкилот сифатидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш Қозоғистоннинг устуворликларига киради. Ушбу учрашув геосиёсий беқарорлик ва жадал
ўзгариб бораётган халқаро вазиятда МДҲ фаолиятига янги туртки бериши лозим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
- Қозоғистон Озарбайжон ва Арманистоннинг
тинчлик шартномаси тузишга қаратилган қадамларини маъқуллайди. Марказий Осиё
давлатлари ўртасидаги баъзи чегара участкаларини ҳуқуқий
расмийлаштириш бўйича салмоқли ўзгаришларга эришилганини ҳам мамнуният билан
таъкидлаймиз.
Президент «МДҲ+» форматини ташкил этишни таклиф
қилди. Бу майдонча ҳамдўстликнинг минтақавий алоқаларини кенгайтиришга асос
бўла олади. Айни вақтда, давлатлар савдо-иқтисодий соҳаларда мавжуд алоқаларни
мустаҳкамлаши зарур. Таъкидлай лозимки, бугунги кунда Қозоғистоннинг ташқи
савдо айланмасининг чорак қисми МДҲ улушига тўғри келади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
– «Ҳамдўстлик ярмаркаси» давлатлараро
дастурини ишга туширишни таклиф қиламан. Унинг доирасида МДҲ давлатларининг
турли шаҳарларида бутун Евроосиё минтақаси ҳунармандлари ва зироатчиларини
таклиф қилган ҳолди савдо тадбирлари ўтказиш мумкин. Бундай кўргазмаларнинг биринчисини
ўз даврида Буюк Ипак йўлидаги муҳим тугун бўлган, «савдогарлар шаҳри», деб
аталган Қозоғистоннинг Тароз шаҳри ўтказишга тайёр.
Ўз навбатида, самарали савдо-иқтисодий кооперация транспорт йўлакларини ривожлантириш билан боғлиқ. Қосим-Жўмарт
Тўқаев таъкидлашича, Қозоғистон халқаро йўналишлар асосида ўз темирйўл инфратузилмаларини кенгайтиришга киришди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йили МДҲга
аъзо давлатлар ҳудудидан ўтадиган асосий транспорт артерияларини ўзаро
боғлашни кўзда тутган концепцияни таклиф этгандим. Менимча, бу ишни имкон
қадар тезроқ якунлаш лозим. «Ягона макон – ягона йўл», «Шимол – Жануб», Транскаспий йўналиши ва бошқаларнинг уйғунлаштирилиши Евроосиё материгини иқтисодий, бошқарув
тузилмалари ва транспорт йўллари ривожланиши концепциясини яратиш имкониятини
беради.
Қозоғистон Президенти талабалар алмашиш ва илмий малака ошириш
борасида ҳам ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қилди. «Ҳамжамият академик пойтахти» дастури бунда қўл
келиши мумкин. Шунингдек, келгуси йилда
Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 80
йиллигини
нишонлаш масаласи муҳокама қилинди. МДҲ саммити якунида қатор
ҳужжатлар қабул қилинди. 2025
йилда ташкилотга Тожикистон раислик қилади, навбатдаги саммит Душанбеда ўтказилади.
Абдумалик Сарманов
таржимаси