Қозоғистон Президенти Беларусь Бош вазирини қабул қилди

Қозоғистон Президенти Беларусь Бош вазирини қабул қилди

Қозоғистон Президенти Беларусь Бош вазирини қабул қилди. Ақўрдада Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Александр Турчин икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси ва маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, Беларусь Бош вазирининг Астанага қилган ушбу биринчи расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг алоҳида аҳамиятини ва уни ривожлантиришга интилиш мавжудлигини кўрсатади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликнинг ривожланиши, алоқалар мазмуни жиҳатидан ушбу ташрифни ўта муҳим, деб ҳисоблайман. Давлатларимиз орасидаги алоқаларга келганда, фаол ривожланиш кузатиляпти, савдо айланмаси 900 миллиондан бир миллиард долларгача етди. Билишимча, Қозоғистон  Беларуснинг иккинчи савдо ҳамкори. Биз тегишли натижа берувчи ижобий ҳамкорлик тарафдоримиз, чунки алоқалар муваффақиятли ривожланишда давом этяпти.


Александр Турчин ўз навбатида Қосим-Жўмарт Тўқаевни ўзаро фойдали мулоқот суръатини ошириш, давлат раҳбарлари қўйган вазифаларни амалда рўёбга чиқариш ишларини мувофиқлаштириш ниятида эканлигига ишонтирди.


Александр Турчин, Беларусь Бош вазири:


Мамлакатимиз Президенти Александр Григорьевич Лукашенконинг илиқ тилакларини сизга етказишни истайман. Кечагина биз узоқ вақт суҳбатлашдик, Қозоғистонга нималар билан келаётганимиз ҳақида батафсил маълумот бердим. Беларусьда биз Қозоғистоннинг риовжланишини эътибор билан кузатяпмиз, муваффақиятларингиздан мамнунмиз. Узоқ вақт давомида мамлакат барқарор ўсишда давом этяпти, бугунги кунда сиз эришган ютуқлардан биз ҳам қувонмаслигимиз мумкин эмас.


Қозоғистон ва Беларусь ўртасида товар айланмаси салмоқли даражада ортди. Фақат 8 ой давомида у 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кенгайди. Саноат кооперацияси доирасида 204 миллион долларга тенг 12 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Яна 3 та лойиҳа бор.


Абдумалик Сарманов таржимаси