2025 йилгача Қозоғистонга транспорт йўналишларини диверсификациялаш ва логистикани ривожлантириш учун 20 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режа қилинган. Қосим-Жўмарт Тўқаев Самарқандда бўлиб ўтаётган Турк давлатлари ташкилоти саммитида маълум қилишича, бугунги кунда транзит коммуникациялар имконияти ошиши алоҳида аҳамиятга эга. Давлат раҳбари фикрича, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ички йўлакларини ривожлантириш зарур. Президент Astana Hub халқаро технопарки асосида Турк давлатлари ташкилоти Рақамлаштириш маркази барпо этишни таклиф этди. Мазкур тузилма савдо, транспорт, сув захиралари сарфи, ахборот хавфсизлиги ва бошқа соҳалар учун рақамли ечимлар яратишга хизмат қилган бўларди. Қозоғистон Президенти саммитда «Яшил» молиялар турк кенгаши ташкил этишни таклиф қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев фикрича, бу кенгаш «Астана» молиявий маркази базасида ишлаши мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сўнгги етти йил ичида жаҳон давлатлари яшил облигациялар учун 2,5 триллион доллар сарфлади. Бу соҳада капитал бозорини кенгайтириш учун “Яшил” молиялар турк кенгаши тузишни таклиф қиламан. У энг йирик халқаро компаниялар тажрибаси ва нуфузига таянган ҳолда «Астана» халқаро молиявий марказининг “яшил” молиялар маркази базасида ишлаши мумкин. Молиявий марказ ушбу кенгаш котибияти вазифасини бажара олади.
Таъкидлаш лозимки, Самарқандда давлат раҳбарлари Турк инвестициявий жамғармаси барпо этиш ҳақида келишиб олди. Шунингдек, Турк давлатлари ташкилоти декларацияси ҳамда қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.