Қозоғистон Президенти Абу-Даби саммитида иқлим таҳликаларига қарши кураш бўйича ечимлар таклиф этди. Жаҳон етакчилари йиғилишида Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг барқарор ривожланиш йўналишидаги амбицияли стратегиясини, ундаги рақамлаштириш ва сунъий интеллект, йирик инфратузилмавий лойиҳалар ҳамда ядро энергетикасидан иборат учта асосий йўналишни тақдим этди. Мамлакатнинг ўз атом энергетикаси соҳасини яратиш режалари ҳақида гапирди. Президент таъкидлашича, АЭС қурилиши мамлакат энергетикасининг барқарор ривожланишида муҳим қадам бўлади. Давлат раҳбари маълум қилишича, Қозоғистон жаҳон бозорига углерод чиқиндилари камайиши учун турли-туман ўта муҳим хомашё материаллари етказиб беришга интилаяпти. Давлат раҳбари барқарор ривожланиш учун транспорт инфратузилмаси яратиш зарурлигига алоҳида тўхталди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
– Биз транспорт инфратузилмаларига, шу жумладан, автомобиль ва темирйўлларга, аэропорт ва денгиз портларига фаол сармоя киритаяпмиз. Қозоғистон коммуникация имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши ва «Шимол - Жануб» транспорт йўлагини ривожлантириш, шунингдек, «Ягона макон – ягона йўл» ташаббусида катта ҳисса қўшиш ниятида. Биз маҳсулот етказиб беришнинг барқарор занжирини яратиш ниятидамиз, бу эса минтақада ўзаро боғланишлар яратиш билан бирга барқарор иқтисодий ўсишни ҳам таъминлайди.
Марказий Осиёдаги энг катта хатарлардан бири – глобал ҳарорат кўтарилиши. Бу муаммо экотизимлар, яшаш шароити ва озиқ-овқат хавфсизлигига хавф солиши мумкин. Айни вақтда, минтақа трансчегара дарёларга боғланиб қолган. Ушбу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, минтақада имкон қадар тез сув ва ер захираларини бошқаришни яхшилаш, турли фалокатлардан эрта бохабар қилиш тизими яратилиши керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон
Республикаси Президенти:
– Биз сув тежовчи технологияларга сармоя киритишимиз, суғориш тизимларини модернизациялашимиз, сув захираларини бошқаришда самарали шартномалар тузишимиз, сунъий интеллект, ер йўлдошлари орқали кузатиш ва бошқа рақамли воситалардан фойдаланишимиз керак.
Қозоғистон Президенти озиқ-овқат
хавфсизлиги ҳам долзарблигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, жаҳон
бозорларига тегишли маҳсулотлар барқарор етказиб берилиши учун инновациявий
ёндашувлар керак. Қозоғистон барқарор қишлоқ хўжалиги усуллари ва технологияларини
янада ривожлантириш ниятида. Қосим-Жўмарт Тўқаев бугунги чорловларга қарши тура
олиш учун жаҳон тараққиётида янги парадигма зарурлигига эътибор қаратди.
Президент кўрилиши мумкин бўлган аниқ чоралар қаторида анча арзон «яшил» молиялаштириш,
технологиялар тақдим этишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, техник ёрдам,
илмий изланишлар, шунингдек, иқлим устуворликлари, иқтисодий ривожланиш ва
сунъий интеллектнинг синергетик ўзаро таъсирини кўрсатиб ўтди. Давлат
раҳбарининг фикрича, ушбу тамойиллардан кенг фойдаланиш глобал муаммоларнинг
ечимлари тизимини яратиши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

