2022 йил якунида Парламент қатор ҳужжатларни қабул қилди. Лекин уларнинг бир нечтаси 2023 йилда, Президент имзолагач, кучга киради. Булар орасида солиқ ва ижтимоий кодекслар, конституциявий суд тўғрисида, жисмоний шахсларнинг банкрот бўлиши тўғрисидаги ва бошқа қонунлар бор. Ҳамкасбимиз янги ўзгаришлар хусусида ҳикоя қилади.
Бундан ташқари, янги йилда Қозоғистондаги қонун чиқарувчи ва маҳаллий ваколатли органларда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Республикада парламент сайловлари бўлиб ўтади. Президент таъкидлашича, улар мамлакатда фуқароларнинг кенг қатлами манфаатларини тақдим этувчи халқ вакиллари пайдо бўлишига олиб келади. Шу билан бирга, депутатларнинг бир қисми партия рўйхатлари орқали, бошқалари бевосита халқ томонидан сайланади.
ГЕННАДИЙ ШИПОВСКИХ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ МАЖИЛИСИ ДЕПУТАТИ:
- Депутатни чақириб олиш тартиби жорий этилади. Императив мандат - сайланган депутат жамият талабларига жавоб бермаса, уни чақириб олиш имконияти, дегани. Яъни сайланган депутатлар масъулиятини ошириш механизми, уларнинг сайловолди дастурини бажаришига кучли туртки берувчи восита. Бир сўз билан айтганда, фуқаролар қонунчилик меъёрларига асосланган ҳолда депутатни мандатидан маҳрум қила олади.
Ижтимоий соҳада ҳам кенг кўламли ўзгаришлар кутиляпти. Фуқаролар фаровонлигини ошириш, давлат, бизнес ва фуқаролар ўртасида янги ижтимоий контрактни шакллантириш. Булар республика аҳолисини ижтимоий муҳофаза қилишни кўзда тутган ижтимоий кодексда акс этган.
ДАРХАН МИНБАЙ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ МАЖИЛИСИ ДЕПУТАТИ:
- Биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ҳисобга оламиз. Бунинг учун мамлакат қонунчилигида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Пенсиялар ошиши, янги ижтимоий кодекс кучга кириши кутиляпти. Натижада, кўплаб фуқаролар муаммолари ҳал бўлишига ишончим комил.
СНЕЖАНА ИМАШЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ МАЖИЛИСИ ДЕПУТАТИ:
- Биз ижтимоий кодексни муҳокама қилдик, унда аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Қозоғистонликларнинг турмуш сифати ошади. Албатта, кўп нарса халққа боғлиқ. Биз халқ учун ишлашда давом этамиз.
2023 йилда Қозоғистон ҳукумати яна 20 дан кўпроқ қонун лойиҳасини тақдим этиш ниятида. Уларнинг ҳар бири аҳолининг муаммоларини ҳал қилишга хизмат этади. Шу жумладан, сув кодекси, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, одам савдосига қарши қонун лойиҳалари тайёрланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси