Қозоғистон пойтахти халқаро экшн-фильм ва блокбастерларни суратга олишга тайёр. Бунга далил сифатида Нур-Султонда жаҳонга машҳур украиналик пойгачи, халқаро биринчиликлар ғолиби Александр Гринчук иштирокида промороликлар суратга олиняпти. Лойиҳадан мақсад – халқаро кино ва видео ҳамжамиятига мамлакат йирик халқаро кинолойиҳаларга тайёрлигини кўрсатиб бериш. Ташкилотчилар шу тариқа роликлар ёки тўла метражли фильмлар учун эпизодлар суратга олиш имконияти мавжудлигини намойиш этмоқда. Видеоролик дунё бўйича тарқатилади. Уни 50 миллион одам кўриши кутиляпти. Сценарий муаллифлари фикрича, атлет пойга ўйинида қатнашади, унда эса қаҳрамонга янги локация - Нур-Султон шаҳри тақдим этилади. Шу тариқа у пойтахт кўчаларини кезади, уни ўзига хос экстрим услубда ўрганади.
Ержан Балтаев, «Astana Invest» бошқаруви раиси:
- Биз Нур-Султонни воқеалар туризми шаҳри сифатида кўрсатамиз. Айни вақтда, шаҳарда киносаноатни ривожлантириш учун улкан имкониятлар бор. Мазкур суратга олиш ишлари шаҳримизни брендлаш, бу йўналишда илгари суриш учун хизмат қилади. Биз шаҳарнинг энг чиройли жойларини кўрсатамиз, нақадар замонавий ва ҳаракатчанлигини намойиш этиш ниятидамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси