Қозоғистон Парламенти яқин 3 йил учун республика бюджетини қабул қилди. Қонун лойиҳаси имзо учун давлат раҳбарига йўлланди. Ҳукумат захирасини қайта тақсимлаш ҳисобига республика бюджети харажатлари 86 миллиардга оширилди. Бунда ижтимоий соҳага 3 марта кўпроқ маблағ йўналтириш режа қилинган. Умуман, ушбу соҳага яқин уч йилда 26 триллион 700 миллиард тенге йўналтирилади. Бугун Мажилис йиғилишида шундай маълумотлар айтиб ўтилди. Депутатлар сўзига кўра, бу кўплаб масалаларни ҳал этишга имкон беради. Асосан, гап ижтимоий тўловлар индексацияси, ўқитувчилар, врачлар, бюджетдан ойлик олувчилар маоши оширилиши ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, ижтимоий объектлар қурилиши мўлжалланган. Шунингдек, йиғилишда ижтимоий-иқтисодий тараққиёт прогнози бўйича нефть қазиб олиш ҳажми кўпайиши ҳам маълум қилинди, бу эса, ўз навбатида, ЯИМ ўсишига таъсир қилади. 2022 йилда ЯИМ деярли 4 фоизга ошади.
Хуршида Абдуллаева таржимаси