Ҳиндистондан - 14,8 миллион доллар инвестиция

Ҳиндистондан - 14,8 миллион доллар инвестиция

Жорий йилнинг 10 ойида Ҳиндистон Қозоғистонга 15 миллион долларга яқин инвестиция киритган. Мамлакатимиздаги ҳинд элчихонаси раҳбари Шубдаршини Трипати хоним айтишича, маҳаллий бозор ҳинд тадбиркорлари учун ўта жозибали, негаки, қўшма корхоналар ташкил этилиши улар учун қўшни давлатлар бозорига кенг йўл очади. Қолаверса, республикамиз Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик тижорат ҳамкори. Бугунги кунда Жанубий Осиё давлати Қозоғистондан нефть, уран, фосфор, турли ўғитлар ва минералларни импорт қилади. Ўз навбатида, Ҳиндистон юртимизга дори воситалари, фармацевтика маҳсулотлари, мобиль телефонлар жамланмаси, ғишт, пишиқ блок каби бир неча турдаги қурилиш ашёларини юборади. Шу тариқа, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида икки тарафлама товар айланмаси 1,8 миллиард доллардан ошган.

Шубдаршини Трипати, Ҳиндистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Бу йил мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаётган Қозоғистон учун ҳам, ҳурлигининг 75 йиллигини байрам қиладиган Ҳиндистон учун ҳам аҳамиятли йил. Ушбу мамлакатларни узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган икки тарафлама алоқалар боғлаб туради, Буюк Ипак йўли давридан бери икки минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида бизни кўп нарсалар бирлаштирган. Икки томонлама сиёсий муносабатлар, амалий ташрифлар энг юксак даражада. Бундан ташқари, давлатларимиз БМТ, ШҲТ ва ОҲИК каби халқаро ташкилотлар доирасида шериклик қилади. Ҳиндистон ушбу тузилмалар доирасида Қозоғистон билан ҳамкорлик қилишдан мамнун.

Хуршида Абдуллаева таржимаси