Ветеринария соҳасида ислоҳотлар кутилмоқда

Ветеринария соҳасида ислоҳотлар кутилмоқда

Қозоғистонда ветеринария соҳаси мутахассислари етишмаслиги кузатиляпти. Чунки бугунги кунда ветеринар врачлар аграр соҳада энг кам маош оладиганлар қаторига кириб қолган. Ваҳоланки, уларнинг иши осон эмас, мунтазам сафарларда бўлади. Мажилисда бўлиб ўтган ҳукумат соатида Қишлоқ хўжалиги вазири Ербўл Қарашўкеев таъкидлашича, президент ўз мактубида бу соҳани ислоҳ қилиш кераклигини аниқ кўрсатган, топшириқлар берган.

Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

– Замонавий жамиятда кузатилаётган даражада даромад олишнинг имконияти йўқлиги, мураккаб меҳнат шароити, қишлоқ жойларда инфратузилмалар ривожланмагани ёшлар орасида ветеринар врач касбининг нуфузини пасайтириб юборди. Жорий йилнинг 1 апрелида Давлат раҳбари топшириғига кўра, давлат буюртмасини бажариш учун мўлжалланган тарифлар ҳисобидан республика бўйича ветеринар мутахассислар маоши ўртача 33,4 фоизга кўтарилишига эришдик. Йил охиригача 60 фоизгача ошиши мўлжалланган.

Маошларни оширишдан ташқари, тегишли тўловлар миқдори ҳам оширилиши кўзда тутилган. Масалан, ветеринар учун соғломлаштириш нафақаси 2 маош миқдорида белгиланди. Вазир маълум қилишича, бу касб нуфузини ошириш бўйича бошқа чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади. Аграр олий ўқув юртларида ветеринария ихтисослиги бўйича қишлоқ квотаси 70 фоизгача кенгайтирилди. Вазир таъкидлашича, 2020-2021-ўқув йилларида мамлакатимиздаги олий ўқув юртларини 1 минг 283 ветеринар мутахассис тугатди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.