Томонлар тикланувчи энергия манбаларига оид лойиҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратади. Республикалар Европа бозорига «яшил» энергия экспорт қилиш ниятида. Қозоғистон Озарбайжон билан ҳамкорликда Каспий денгизи тагидан юқори вольтли кабель ўтказади. Линия Қозоғистонни Туркия, шунингдек, Европа билан боғлайди. Озарбайжонга келсак, Энергетика вазири Парвиз Шахбазов таъкидлашича, ТЭМ салоҳиятидан самарали фойдаланиш 2030 йилга бориб, бу давлатнинг «яшил» тараққиёт мақомини олишига сабаб бўлади. Нотиқ Боку ТЭМ инвестициялари соҳасида Қозоғистон компанияларини лойиҳаларга таклиф этди.
Парвиз Шахбазов, Озарбайжон республикаси энергетика вазири:
– Олдинига биз бир неча йил давомида тиғиз мулоқотда бўлдик. Энергетика вазирликлари тикланувчи энергия манбалари бўйича чуқур маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди. Чунки умумий иш устида бош қотиряпмиз. Биз мамлакатимизга ТЭМ лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун инвестиция жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Шу тариқа, ўзаро тажриба алмашамиз. Ва, табиийки, Каспий денгизи орқали ҳамкорлик қилиш имконияти мавжуд. Албатта, ҳозирча бизнинг тармоқлар ўзаро уланмаган. Шунинг учун электр энергияси жўнатиш ҳақида гапирмаяпмиз. Лекин келажакда бунга эришиш мумкин. Озарбайжонда кўплаб компаниялар бор. Бизнинг миллий компанияларимиз бу муаммони ҳал этиш юзасидан жиддий иш олиб боряпти.
Парвиз Шахбазов, Озарбайжон республикаси энергетика вазири:
- Ҳозирча бу лойиҳаларни фақат Озарбайжон ҳудудида амалга ошириш режалаштирилган. Лекин келажакда уларни хорижга олиб чиқишни ҳам рағбатлантирамиз. Қозоғистон бизга энг яқин, қардош давлат бўлгани учун унда биринчилардан бўлиб иштирок этади, биринчи номзод бўлади, деб ўйлайман.
Озарбайжон ва Қозоғистон тадбиркорлик алоқаларини ривожлантирмоқда. Ҳозир мамлакатда 1 минг 200 та Озарбайжон капитали иштирокидаги ҳамда 210 та қўшма корхона тузилган. Ўтган йили республикалар ўртасида савдо айланмаси 460 миллион доллардан ошди. Қозоғистон иқтисодиётига 2022 йилда Озарбайжондан келган инвестиция миқдори 70 миллион долларга етди.
Абдумалик Сарманов таржимаси