Қозоғистонда саноат грантлари берилади. Бу – мамлакат корхоналарини рағбатлантиришнинг янги усули. Сенат йиғилишида Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамқулов таъкидлашича, маблағ ишлаб чиқаришни технологик модернизациялаш учун берилади. Яъни ускуналарни янгилаш бўйича харажатларни давлат ўз зиммасига олади. Бу имкониятдан ўрта ва юқори даражада ишлаётган, хомашё, юқори технологик товарлар ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқараётганлар фойдалана олади. Тегишли муассаса раҳбари таъкидлашича, асосий эътибор қайта ишлашни чуқурлаштиришга қаратилади. Вазир республикадаги кўплаб заводлар Совет Иттифоқи давридан буён янгиланмаганини кўрсатиб ўтди. Бу эса меҳнат самарадорлигини пасайтиради. Айни вақтда, корхоналар зиммасида қатор вазифалар бўлади.
Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири:
- Корхоналар эса қуйидаги кўрсаткичларга эришишни таъминлаши зарур: улар кўрсатган маҳсулот ҳажмини, сифатини таъминлаши ва, энг муҳими, экспорт қилинишига эришиши зарур. Яъни биз ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган маҳсулотлар энг юқори халқаро стандартларга мос, рақобатбардош бўлиши шарт. Агар шартномадаги мақсадларга эришилмаса, корхона давлат томонидан сарфланган маблағни бюджетга қайтаришига тўғри келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси