Дипломда – QR-код.
Қозоғистон коллежлари битирувчилари таълим даргоҳини
тугатгач, шундай тамға қўйилган ҳужжатга эга бўлади. Маориф вазирлиги маълум
қилишича, соҳани рақамлаштиришга йўналтирилган фаолият доирасида шундай тадбир амалга
ошириляпти. Автоматик идентификация ҳамда верификация технологияси сохталаштириш эҳтимолини камайтиради. Иш
берувчилар бўлажак ходимнинг ҳужжати ҳақиқийлигига амин бўлади.
Алтай
Рахимберлин, Қозоғистон Республикаси
маориф
вазирлиги
департаменти бошқарма раҳбари:
- QR-код диплом ҳақиқийлигини текшириб кўриш имконини беради. У давлатга қарашли веб-майдончага ҳавола очади, унда диплом эгаси, таълим даргоҳи, Маълумотлар давлат миллий таълим базаси реквизитлари кўрсатилади. QR-код орқали битирувчи исми-шарифи, отасининг исми, диплом берган ташкилот номи, ўқишга кирган ва битирган йили, ихтисослиги, таълим шакли, диплом серияси ва унга берилган тартиб рақамини олиш мумкин.
Диплом нусхаси электрон форматда Егов.кз портали ва мобиль иловасига, тегишли сервис орқали ёки иккинчи даражали банк майдончаларига ҳам жойланади. Жорий йилда 140 минг нафардан зиёд коллеж битирувчиси QR-кодли диплом олади. Бундан ташқари, Маориф вазирлиги яна бир янгилик киритди. Қозоғистон битирувчилари мактаб шаҳодатномаси билан бирга коллеж дипломига ҳам эга бўлиши мумкин. Янги таълим дастурига кўра, 10-11-синф ўқувчилари айни вақтда ишчи ихтисослигини ҳам олади. Ҳозирнинг ўзида 16 та ишчи малакаси аниқланди. Пилот лойиҳа янги ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча минтақаларида иш бошлайди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси