Қозоғистонликлар «Қозоғистон халқига» жамоат ижтимоий жамғармасига пул ўтказмаслиги, аксинча ундан пул олишлар керак! Мамлакатимиз эксперти Чингиз Лепсибаев шундай фикр билдирди. Эслатамиз, январь воқеаларидан кейин жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун маблағ тўплаши мўлжалланган жамғарма мамлакат Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғига кўра тузилганди. Жамғарманинг асосий вазифаси – барча соҳалардаги моддий заиф аҳоли қатламларига ёрдам бериш. Олдиндан ўйлангани каби, у бизнес ва халқаро хайрия ташкилотлари томонидан молиялаштирилмоқда. Лекин ушбу жамғармага давлат хизматчиларининг бир кунлик маоши ўтказила бошланди. Чингиз Лепсибаев таъкидлашича, бундай иш тутиш тўғри эмас ва у Президент қўйган мақсадга мувофиқ эмас.
Чингиз Лепсибаев, эксперт:
– Лол қолдирувчи ажойиб ғоя. Чунки у жамиятнинг саволига жавоб тазида тузилди. Президент сўзма-сўз шундай деди: «Бизда ҳатто халқаро ўлчамларга кўра ҳам жуда бойиб кетган олигархлар тор доираси пайдо бўлди». Бу жамғарма нима учун тузилган? Ўта катта даромадларни ниҳоятда камбағаллар фойдасига қайта тақсимлаш учун. Ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ва ундан фойдаланишлари учун майдонча яратиш учун. Амалда нима бўлаяпти?! Баъзи ижро органлари хаёлан совет даврида яшаяптими, ўз вазифасини бажариш ўрнига бир кунлик маошни ўтказиш бўйича акциялар ташкил қилишмоқда. Худди Лениннинг шанбаликларига ўхшаш нарса.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда «Қозоғистон халқига» жамоат ижтимоий жамғармасига жисмоний шахслардан 10 миллион тенгедан кўпроқ, тадбиркорлардан 12 миллиард тенге тушди. Аввалроқ жамғарма раҳбари этиб Бўлат Жамишев тайинлангани билдирилганди.
Абдумалик Сарманов таржимаси