Қозоғистон - Канада: яшил энергетика бирга ривожлантирилади

Қозоғистон ва Канада энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Шимолий Америкадаги бу давлат вакиллари шундай мақсадда Астанага келди. Таъкидлаш лозимки, Канада табиий захираларга бой. Нефть-газ ва кўмир етказиб берувчи давлатлардан бири. Томонларнинг яна бир ўхшаш жиҳати – у ҳам яшил энергетикани ривожлантириш ниятида. Муқобил энергия манбалари борасида Канаданинг Альберта провинцияси кўп нарсани тақдим эта олади. У дунёдаги энг кўп қуёш, сув, шамол ва биоэнергия ишлаб чиқарувчи, яшил технологияларни экспорт қилувчи ҳудудлардан бири.

Аариж Башир, Альберта провинциясининг Иш билан таъминлаш, иқтисод ва савдо вазирлиги департамент директори:

– Альберта ва Қозоғистон  иқлими ва табиатига кўра ўхшаш. Биздаги яшил технологиялардан фойдаланиш орқали Қозоғистонда энергетика секторини барқарор ривожлантиришга эришиш учун салоҳият етарли, деб ҳисоблайман. Канадада бу йўналишда ривожланиш, иссиқхона газларини камайтириш, ишлаб чиқариш усулларини такомиллаштиришга катта эътибор бериляпти. Углерод ҳавога чиқмаслиги учун чиқиндиларни тўғри сақлаш ҳам ўта муҳим. Альберта бундай технологиялар бўйича Канадада пешқадам. Тажрибамиздан Қозоғистонда фойдаланиш учун имкон бор, деб ўйлайман.

Бу соҳадаги Альберта ва мамлакатимиз мутахассислари илк марта учрашди. Яна бир қанча музокаралар ва йиғилишлар ўтказиш режалаштирилган. Асосий мақсад – биргаликда янгиланган энергия манбалари бўйича қўшма лойиҳалар яратиш. Яшил технологияларни ривожлантириш учун табиий имкониятлар ва билимдон мутахассислар етарли.  

Ерлан Ақкенженов, ҚР Энергетика Вице-Министрі

– Келажакда яшил энергетика билан боғлиқ янада катта чора-тадбирлар кўрилади, деб ўйлайман. Навбатдаги йиғилишларда инвестициялар жалб этиш шартларини кўриб чиқамиз. Қозоғистон яхши ғояларни албатта қўллаб-қувватлайди. 

Жанибек Катренов, Bolashaq ҳамжамияти раиси:

– Қозоғистонда кадрлар етарли. Дунёнинг пешқадам таълим даргоҳларида билим олган мутахассислар бор. Канадада билим олганларнинг ўзи 300 нафардан зиёд. Шунинг учун инвестиция келтириш, бирга лойиҳаларни рўёбга чиқариш мумкин. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.