Бу товар Европанинг олти давлатига жўнатилади. Қизилўрдалик тадбиркор бу маҳсулотни 2020 йилдан буён ўради, йиғади, қуритади. Ўшанда илк партияни Германияга юборган. Шундан буён Венера Тайлақбаева хорижий давлатларга йилига беш юз тонна атрофида хомашё жўнатади. 2023 йил охиригача муваффақиятли бизнес соҳибаси маҳсулот ҳажмини кенгайтириш, Европага минг тонна қамиш юбориш ниятида.
Венера Тайлақбаева, тадбиркор:
– Хорижга хомашё юборишни йўлга қўйишга муваффақ бўлдим. Олдинига Германияга, сўнгра Нидерландия ва Данияга оз-оздан маҳсулот юбордим. Сўнгра Франция, Польша ва Беларусдан мижозлар чиқди, уларга ҳам кичикроқ партия юбордим. Ҳозир Буюк Британияга экспорт қилиш устида ишлаяпман. Қамиш олтин каби қиммат. Бизда «сариқ металл»ни қанчалик қадрлашса, Германияда қамиш ни шундай юқори баҳолашади. Албатта, хорижликлар биринчи навбатда унинг сифатига қарайди.
Таъкидлаш лозимки, Германияда Қозоғистон қамишини томга ёпиладиган материал сифатида ишлатишади. Экологик тоза маҳсулот ҳеч қандай зарарли жиҳатларга эга эмас. Бундан ташқари, бу материал объектларда қулай ҳарорат тутиб туришга хизмат қилади, енгил ва оловга чидамли. Келажакда Венера Тайлақбаева хорижий технологиялар асосида ишлов берилган маҳсулотни маҳаллий бозорга чиқариш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси