Мамлакат маҳсулотини хавфсиз ва мунтазам экспорт қилиш учун мажмуавий чора-тадбирлар зарур. Қозоғистон Республикасининг транзит-транспорт салоҳиятини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Давлат раҳбари шундай фикрни илгари сурди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ташқи бозорларга чиқиш йўлларини диверсификациялаш, юк етказиб бериш учун муқобил йўналишлар яратиш ўта муҳим. Гап, шу жумладан, Дўстиқ- Мўйинти, Бахти-Аягўз, Мақтаарал-Дарбаза, Алмати атрофини айланиб ўтувчи темирйўл линияси яратиш каби лойиҳалар ҳақида боряпти. Шунингдек, Президент Қозоғистон портларини трансформациялаш, уларни Каспий денгизидаги етакчи хабга айлантириш каби стратегик вазифа қўйди. Давлат раҳбари фикрича, “қора олтин”ни олиб чиқиш йўлларини хилма-хиллаштириш зарур.
«Транскаспий йўналиши устуворлигича қолмоқда. «КазМунайГаз»га уни рўёбга чиқаришнинг энг қулай вариантини, хусусан, Тенгиз лойиҳаси инвесторларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқишни топшираман. Ҳукумат «Самруқ-Қазина» билан бирга Атирау-Кенкияк ва Кенкияк-Қумкўл нефтепроводлари ўтказиш қувватини ошириши лозим», дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Абдумалик Сарманов таржимаси.