Қосим-Жўмарт Тўқаев қатор минтақаларда тошқинлар юз бериши оқибатида юзага келган фавқулодда вазият юзасидан тезкор йиғилиш ўтказди. Президент шошилинч чора-тадбирлардан ташқари тизимли ишлар амалга оширилиши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Давлат раҳбари Республика штаби тузиш ва барча минтақаларда тошқинларга қарши чора-тадбирлар кўриш, биринчи навбатда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни топширди.
Бош вазир Ўлжас Бектенов тошқинга қарши тадбирларни мувофиқлаштириш ва офат оқибатларини бартараф этиш бўйича штаб йиғилиши ўтказди. Шу кунгача фавқулодда вазият ҳудудидан 11 минг одам олиб чиқилди. Вақтинча яшаш пунктларида 5 минг одам қоляпти. Аҳолига, шу жумладан, учувчи воситалар ёрдамида, кеча-кундуз ёрдам кўрсатиляпти. Жами 7 минг ходим, 2 минг техника воситаси бу ишлар билан банд. Сув ювиб кетган йўлларни тиклаш масаласи ҳам назоратга олинди. Шунингдек, дарёлар ва сув омборларидаги сув сатҳи кузатиб бориляпти. Ҳокимликлар тошқин кучайиши мумкин бўлган ҳудудларда қўшимча чора-тадбирлар кўряпти. Заруратга кўра қўшимча куч ва воситалар ажратиляпти. Уй-жой қурилиши ва қайта тикланиши учун Қозоғистон Ҳукумати ва ҳокимликлар ҳисобидан маблағ ажратиляпти.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Ҳозирнинг ўзида барча захираларни ҳисобга олиш, одамларга ёрдам кўрсатиш керак. Табиий офатдан кўрилган зарар ҳажми баҳоланиши лозим ва бунинг учун имкониятлар етарли. Жабрланганларга чўзиб юрмасдан моддий ёрдам кўрсатилиши керак. Захиралар етарли, ҳамма нарса қайта тикланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.